БМТ Хавфсизлик кенгаши Қуддус масаласи бўйича шошилинч мажлис ўтказади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Қуддус масаласи бўйича шошилинч мажлис ўтказади

Мажлис БМТ хавфсизлик кенгашининг 8 аъзоси сўрови билан чақирилмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олиш ва у ерга ўз элчихонасини кўчириш ҳақидаги қарори туфайли БМТ хавфсизлик кенгаши саккизинчи декабрь куни навбатдан ташқари мажлис ўтказади, деб хабар берди Америка ОАВлари БМТ дипломатларига таяниб.
Мажлис Хавфсизлик кенгашининг 8 аъзоси – Франция, Боливия, Миср, Италия, Сенегал, Швеция, Буюк Британия ва Уругвайнинг талаби билан чақирилмоқда.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейлининг айтишича, Трампнинг Америка элчихонасини Қуддусга кўчириш қарори ақлли қарор бўлиб, мавжуд воқеликнинг инъикосидир.
Ярим асрдан бери истилодаги Қуддус
Исроил ярим асрдан бери Қуддусни истило қилиб келади ва президент Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишидан сўнг бу истило янги босқичга кўтарилди.
Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йилнинг 5 июнида босиб олган. 1980 йили Кнессет Исроил Қуддусни ўзининг ягона ва ажратиб олиб бўлмас пойтахти деб бир томонлама эълон қилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Бунга жавобан БМТ ХК 478-сонли резолюция қабул қилиб, унда Исроилнинг Шарқий Қуддусни аннексия қилишини қоралади.
Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусни Исроил истилоси остидаги ҳудуд деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, ҳозирча АҚШдан бошқа ҳеч бир давлат Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олмаган. Исроилни давлат сифатида тан олган барча мамлакатлар элчихоналари Тел-Авивда жойлашган.

back to top