Америкалик экспертлар Трампнинг Қуддусга доир қарори нималарга олиб келишини айтди
Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши Фаластин билан тинчлик музокараларини хавф остига қўяди ва Яқин Шарқни беқарорлаштириш учун террорчиларни жалб қилишга дастак бўлади. Бу ҳақида америкалик экспертлар айтмоқда.
Америкалик ҳуқуқшунос, Огайо университети ҳуқуқшунослик фахрий доктори Жон Киглининг таъкидлашича, Трампнинг бу қароридан, масалан, ИШИД ўз сафларини янги жангарилар билан тўлдиришда фойдаланиши мумкин. Иллинойс университетининг халқаро ҳуқуқ профессори Фрэнсис Бойл, ўз навбатида, Трампнинг ушбу қарори АҚШнинг араб дунёси ҳамда бутун дунёдаги мусулмон жамоатлари билан муносабатлари ёмонлашувига олиб келишини айтмоқда.
«Бу оловни алангалатади ва Трампнинг ўзи бундан манфаатдор… у нимани бошлаётганини аниқ билади. Президент Трампнинг ҳозиргина қилган иши туфайли кўплаб инсонлар ҳалок бўлади. Бу янги интифодага олиб келиши мумкин. Ўйлайманки, мусулмон ва араб дунёсини яхши биладиган ҳар қандай инсон уларнинг муносабатини тахмин қила олади. Афсуски, бунинг оқибатларини яқин орада кўрамиз», – деди эксперт. Бу ҳақида «РИА-Новости» хабар бермоқда.



