Нью-Йоркда АҚШ нинг Қуддус бўйича қабул қилган қарорига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда
Нью-Йоркнинг Таймс Сквер майдонида минглаб одамлар йиғилиб АҚШ ҳукумати Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишига қарши намойиш ўтказмоқда.
Қатнашчилар: “Фаластин мустақил бўлади!”, “Фаластин озод этилсин!”, “Яшасин ҳур Фаластин!” дея ўз норозиликларини билдирмоқда. Намойишда қатнашаётган Фотима “Анадолу” агентлигига берган интервьюсида: “Бу ерда тўпланганлар Фаластин халқи билан бирдамдир ва АҚШ президентининг Қуддус бўйича қабул қилган қароридан норози” деб таъкидлади. 22 ёшли талаба Ахмад АҚШ ҳукумати қарорини қайта кўриб чиқиш керак деган фикрда. “Исроил давлати узоқ вақт давомида барчамиз учун азиз бўлган заминда қон тўкмоқда. Исроил ҳукумати ўз курашини муқаддас деб атамоқда. Аммо ҳеч қайси дин буни тан олмаяпти”, деб қўшимча қилди намойиш қатнашчиси. 10 йил аввал АҚШ га кўчиб келган информацион технологиялар бўйича мутахассис Муҳаммад бу ерда инсон ҳуқуқлари поймол этилмайди деб Қўшма штатларга келганини айтди. “Ўйлашимча Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан сўнг ирқчилик қад ростлай бошлади. Наҳотки у мусулмонларга қарши янги салиб юришини бошлашни хоҳламоқда? Ишхонада ва кўча-кўйда одамларнинг менга бўлган муносабати ўзгарган. Бу ерни бутунлай тарк этишни ўйлаб турибман” дейди Муҳаммад. Намойиш қатнашчиларини ортодокс яҳудийлар ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Қуддснинг ярим асрлик истилоси
АҚШ президенти Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти деб эълон қилиши натижасида Исроил ҳукуматининг истилочилик сиёсати янгича тус олди. 1967 йилнинг 5 июнида Исроил қўшинлари Шарқий Қуддусни эгаллаб олди. 1980 йилда эса Исроил парламенти Қуддус шаҳрини Исроил давлатининг ягона ва яхлит пойтахти тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бунга жавобан БМТ нинг хавфсизлик кенгаши Шарқий Қуддуснинг истилосини қораловчи 478 сонли қарорини қабул қилди. Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддус Исроил томонидан босиб олинган деган фикрда. Қолаверса ҳеч қайси давлат Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олмайди. Исроилни мамлакат деб билган барча давлатларнинг элчихоналари Тель-Авивда жойлашган.



