Қуддус масаласида Малайзия армияси вазиятга аралашишга тайёр
Малайзия мудофаа вазирининг айтишича, АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши «бутун мусулмон олами юзига тарсаки бўлди» ва унинг давлати ҳарбийлари, агар зарурат туғилса, ўз бурчини бажаришга тайёр. Бу ҳақда Жазира канали ёзмоқда.
«Биз ҳар қандай вазиятга тайёр туришимиз керак. Малайзия ҳарбий кучлари олий раҳбариятнинг буйруғини кутиб доимий тайёрлик ҳолатига келтирилган», – мудофаа вазири Ҳишомиддин Ҳусайннинг ушбу сўзларини Малайзиянинг «Бернаме» давлат ахборот агентлиги келтирмоқда.
«Келинг, дуо қилайлик, бу баҳс бетартибликлар келтириб чиқармасин», – деб қўшимча қилган Ҳусайн.
Вашингтоннинг Қуддусга нисбатан муносабати кескин ўзгариши истило қилинган Фаластин ерларида, Туркияда, Мисрда, Иорданияда, Тунисда, Жазоирда, Ироқда ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида намойишларни келтириб чиқарди.
Якшанба куни 10 000 га яқин индонезияликлар Жакартадаги АҚШ элчихонаси олдида тўпланиб фаластинликларга ҳамжиҳатликларини маълум қилдилар, деб хабар беради Associated Press агентлиги.
Намойишчилар «АҚШ элчихонаси, Қуддусдан чиқиб кет!», «Қуддус ва фаластинликларга озодлик», «Биз фаластинликлар билан биргамиз» деган шиорларни кўтариб олган эдилар.



