Европа Иттифоқи элчихонасини Қуддусга кўчириш ғоясини рад этди
Европа Иттифоқи ҳозирча Вашингтонга эргашмоқчи ва Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиб у ерга ўз элчихонасини кўчирмоқчи эмас. Аксинча, Брюссел ҳамон ҳудудда икки давлат – яҳудийлар ва араблар давлатини тузиш ғоясига содиқ.
Бу ҳақида Европа ташқи алоқалар хизмати раҳбари Федерико Могерани маълум қилди, деб хабар беради Reuters.
«Биз Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятни бартараф этишнинг ягона йўли ҳар иккисининг пойтахти Қуддус бўлган икки алоҳида давлатни тузишдир деб ҳисоблаймиз», – деди у.
Могеринининг сўзларига кўра, ЕИ Қуддуснинг мақоми бўйича фақат «халқаро келишув»ни тан олади, аммо тинчлик жараёнларини жадаллаштириш учун янада кўпроқ куч сарфлашга тайёр. Шу муносабат билан у 2018 йилнинг январ ойида Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббос билан учрашиши ҳақида айтди. Аббоснинг Брюсселга ушбу эҳтимолли ташрифини Исроилнинг Haaretz нашри «кутилмаган қадам» деб баҳолади.
Могеранининг баёноти Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан учрашув пайти айтилди. Бундан бир неча дақиқа аввал Нетаняху Европа давлатларини АҚШдан ўрнак олиб Қуддусни Исроил пойтахти дея эътироф этишга чақирган эди: «Аминманки, барча ёки аксар Европа давлатлари ўз элчихоналарини Қуддусга кўчириб, уни Исроил пойтахти деб тан оладилар». Бу, Исроил бош вазирининг сўзларига кўра, «реалликни тан олиш ва шу орқали тинчлик пойдеворини қўйиш» бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 6 декабр куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ҳақида қарор чиқарди.
Yenicag.Ru



