Мусулмонлар ва насронийлар синагогани қўллади

Мусулмонлар ва насронийлар синагогани қўллади

Мусулмон ва насроний етакчилари Швециядаги яҳудий жамоати атрофида бирлашиб, у ерда сўнгги кунлар авж олиб бораётган антисемит кайфиятдан яҳудийларни ҳимоя қилди.

Жумладан, мусулмонлар ва насронийлар Малма шаҳридаги синагогага бориб у ердагиларга мадад бўлди. Жума куни синагога олдида Америка элчихонасининг Қуддусга кўчирилиши ҳақидаги қарор туфайли норозилик намойиши бўлиб ўтди, шу сабабли мусулмон ва насроний жамоати вакиллари синагогани йўқлашга қарор қилдилар, деб хабар беради The Independent.
Ислом тадқиқот маркази раҳбари Алоуддин Ал-Қутнинг сўзларига кўра, мусулмонлар антисемитизмни ёқламайди ва давлат раҳбарларининг сиёсатида яҳудийларни айбдор санамайди.
«Биз Малмадаги яҳудийларга ҳамжиҳатлигимизни кўрсатишни ва жамиятда ирқчилик ҳамда антисемитизмнинг ҳар қандай шаклларини қоралашни истаймиз», – таъкидлади Қут.
Малмадаги яҳудий жамоати вакили Фредди Геллберг кўнгилли тарзда амалга оширган ушбу ишлари учун мусулмон ва насронийларга миннатдорчилик билдирди.
«Бу жуда яхши ташаббус. Бизнинг қарашларимиз фарқланиши мумкин, аммо асосийси бизнинг жамиятда тўғри диалоглар орқали муносабатларни олиб боришимиздир», – таъкидлади Геллберг.

back to top