16 ёшли фаластинлик бола Исроил тажовузининг тимсолига айланди

16 ёшли фаластинлик бола Исроил тажовузининг тимсолига айланди

16 ёшлик фаластинлик ўсмир Исроил томонидан ҳарбий кучни ҳаддан ортиқ қўлланиши тимсолига айланди. Бу ҳодиса бир гуруҳ исроиллик ҳарбийларнинг кўзлари боғланган ориққина болани ушлаб турганлари тасвирланган фотосурат тармоқда пайдо бўлгач рўй берди.

16 яшар болани қўриқлаш учун 20 та аскарнинг жалб қилингани ижтимоий тармоқларда танқид ва норозиликларга учради. Кадрда вояга етмаган, ўзини йўқотган ва қўрққан, йиртиқ шимда ва кўзи боғланган Фавзи Ал-Жунайдийни бир гуруҳ тиш-тирноғигача қуролланган исроиллик ҳарбийлар судраб кетаётгани кўриниб турарди, деб хабар беради Al Jazeera.
Фавзини АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганидан сўнг Ғарбий қирғоқ, Шарқий Қуддус ва Ғазода юзага келган норозилик намойишларидан бири пайти қўлга олганлар. Ҳарбий суд уни аскарларга қарата тош отганликда айблаган, аммо ўсмир бу айбловни рад этмоқда ва норозилик намойишида иштирок этмагани, аксинча, ўзи томон учиб келаётган тутунли шарчалардан қочаётган пайти қўлга олинганини айтган.
«Фавзи уни милтиқ қўндоғи билан калтаклаганларини айтди, судга уни бўйни, кўкраги ва орқаси моматалоқ бўлиб кетган ҳолда келтиришди», – деди унинг адвокати Фарах Бадайсий. Судга болакай шиппакда келган, чунки ҳарбийлар уни машина томон судраётганларида пойабзалини йўқотган.
Бадайсийнинг сўзларига кўра, ҳатто судя ҳам мактаб ўқувчисига нисбатан ҳарбийлар томонидан қўлланган кучнинг миқёсидан ҳайратга тушган.

back to top