Эрдўғон: «Биз Қуддусда элчихоналаримизни очамиз»
Туркия Шарқий Қуддусда ўз элчихонасини очади.
Yenicag.Ru нинг Туркия ОАВларига таяниб маълум қилишича, бу ҳақида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон «Адолат ва тараққиёт» ҳукмрон партиясининг мажлисида сўзлаган нутқида айтган.
Эрдўғон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг Шарқий Қуддусни Фаластин пойтахти деб тан олиш қарорига асосан шундай қилмоқчи.
«Биз Шарқий Қуддусни Фаластин давлатнинг пойтахти деб эълон қилгандик, аммо у ерда ўз элчихонамизни очишга муваффақ бўла олмадик, чунки Қуддус ҳозирда истило остидадир. Аллоҳ шоҳид, биз у ерда ўз элчихонамизни очамиз», – деди Туркия раҳбари.
Шунингдек, у қўшимча қилдики, АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти дея тан олиб, у ерга ўз элчихонасини кўчириш қарорини берганда сионистларнинг «мен шундай қарор қилдим, вассалом» деган мантиқидан келиб чиққан.
«БМТ қарорларига қарамай, бу ишни қилган одам Фаластинни тан олмаслик мумкин деб ҳисоблаган. Жуда яхши, унда биз ҳам сизни тан олмаймиз», – таъкидлади у.
«Бу сионистик ишни амалга оширишга уринманг. Агар шундай қилсангиз, бунинг учун жавоб берасиз», – деди Туркия президенти.
Эслатиб ўтамиз, 13 декабрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар Фаластин давлатини пойтахти Шарқий Қуддус бўлгани ҳолда тан олишларини маълум қилдилар.
ИҲТ жаҳон ҳамжамиятини Шарқий Қуддусни Фаластиннинг истило этилган пойтахти сифатида тан олишга чақирди. «ИҲТ давлатлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддус ҳақидаги қаррини қатъий қоралайди ва рад этади», – дейилади ИҲТ декларацияси матнида.



