Уммон: АҚШнинг сиёсати аҳмоқона, муқобил вариантларни излаш керак

Уммон: АҚШнинг сиёсати аҳмоқона, муқобил вариантларни излаш керак

Яқин Шарқдаги обрўли ОАВлардан бири Middle East Eye (MEE) Уммон давлатидаги олий мартабали манбасига таяниб маълум қилишча, бу мамлакат Доналд Трамп маъмуриятининг Яқин Шарққа оид сиёсатидан тобора кўпроқ норози бўлиб бормоқда.

МЕЕ суҳбатдошининг сўзларига кўра, Трампнинг «аҳмоқона сиёсати» ҳудуддаги барқарорликка путур етказади. Жумладан, ўн йиллардан бери муваффақиятли фаолият юритиб келаётган ҳудудий ташкилот – Араб кўрфази давлатлари ҳамкорлиги кенгаши ҳақида гап бормоқда, ҳозирда Қатар инқирози туфайли ташкилот фалажланиб қолган. Саудия Арабистони ва БААнинг Қатарга нисбатан қаттиқ жазо чораларини Баҳрайн қўллаб-қувватлаган бўлса, Қувайт Қатар билан алоқаларни узишни истамади ва беихтиёр биринчи гуруҳ мамлакатларнинг душманига айланиб қолди.
Агар саудлар ва амирликлар бу сиёсатни давом эттираверишса, Кўрфазнинг қолган мамлакатлари АҚШ эмас, бошқа жойдан ҳимоя излашларига тўғри келади, дея огоҳлантирди Уммон вакили.
Эслатиб ўтамиз, буларнинг бари куни кеча Трамп эълон қилган хавфсизликнинг янги стратегиялари фонида рўй бермоқда. Унда АҚШ ўзининг етакчилик ролига нисбатан Россия ва Хитойда таҳдид кўраётганини айтган эди.
«Америка қайтмоқда», – деди популист-шоумен уни тақдим этар экан.
Лекин Трампнинг халқаро майдонда қилаётган барча ишлари ҳозирча АҚШнинг стратегик ҳолати ёмонлашувига олиб келмоқда.
Трамп президентлик қилган бир йил давомида Америка ЕИ ва Туркияни ўзидан нари итарди, ўзи билан иттифоқ Кўрфазни парчалаб ташлади, Қуддус масаласида қалтис қарор чиқариб бутун дунёни ўзига қарши қилиб қўйди. Бундай сиёсатни Уммон дипломатидан орттириб аниқ ифодалаш мумкин эмас.

back to top