Роҳинжа мусулмонлари Мянма армиясининг жиноятлари ҳақида яна ҳикоя қилади

Роҳинжа мусулмонлари Мянма армиясининг жиноятлари ҳақида яна ҳикоя қилади

Жаҳон ҳамжамияти Мянма ҳарбийларининг Аракан штатида мусулмон роҳинжаларга қарши мунтазам жиноятлар қилиб келгани ҳақида янги далиллардан хабар топмоқда.

Ушбу зиддиятда минглаб инсонлар ҳалок бўлгани ав юз минглаб қочқинлар қўшни мамлакатга қочиб ўтгани айтилади.
Маунг Ну қишлоғида яшовчи 52 ёшли Бодру Дуза ҳозирда Бангладешдаги қочқинлар лагерида жон сақламоқда. У Associated Press га Мянмада бошдан кечирган даҳшатларини сўзлаб берди.
Гувоҳларнинг ҳикоя қилишича, 27 август куни Маунг Ну қишлоғида Мянма ҳарбийлари қўлидан камида 82 киши ҳалок бўлган.
Бодру Дуза олти соат давомида ўз уйининг томида яшириниб ўтирганини айтади. У ўлаётганларнинг фарёдларини ҳамон унутолмайди.
“Ҳарбийлар одамларни кичик гуруҳларга бўлиб, кўзларини боғлаганча номаълум томонга олиб кетдилар ва ўлдирдилар. Томдан тушганимда, ҳамма ёқда жасадлар ётарди. Ҳарбийлар одамларга уйларини тарк этишни буюрдилар, бунга рози бўлмаганларга қарата ўт очдилар. Бир гўдакнинг нақ бошига ўқ тегди”, – деди Дуза.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар на аёлларга, на болаларга шафқат қилмаганлар.
“Одамларнинг телефонларини олиб қўйдилар, аёлларнинг тилла тақинчоқларини юлиб олдилар. Ҳарбийлар 20-25 та аёлни номаълум томонга олиб кетдилар. Улар ҳақида шу пайтгача ҳеч нима маълум эмас. Қолган аёллар ва болаларни бир неча уйларга киргиздилар. Эркакларни таёқ билан уриб ҳақоратладилар, кейин уларни менинг ҳовлимга олиб келиб, барини, 82 кишини, отиб ташладилар”, – дейди Дуза.
Араконликнинг сўзларига кўра, қишлоқда яшовчи бир аёл эрининг бошини қилич билан узиб ташлаганлари ва 16 яшар ўғлини отиб ўлдирганларини ойнадан кўриб турган.

back to top