Мусулмон юртдошларини террорчилардан ўз соғлиги эвазига қутқариб қолди

Мусулмон юртдошларини террорчилардан ўз соғлиги эвазига қутқариб қолди

Канадалик мусулмон Айман Дербали ўз оёғи билан юриш имкониятидан ажралган ўша кунни ғира-шира хотирлайди.

У Квебек Ситидаги масжидда эканида террорчилар бостириб кириб, одамларга қарата ўқ ота бошладилар. Уч фарзанднинг отаси бўлган Айман саросимага тушиб қолмади ва жиноятчиларнинг эътиборини ўзига тортиш учун улардан бирига ташланди.
«Мен ваҳимага тушмасликка ва қочиб қолмасликка ҳаракат қилдим, – дейди Дербали. – Ҳеч кимга ёрдам бермай у ердан қочиб, жонимни омон сақлашдан кўра бир умр фалаж бўлиб қолганим маъқул дедим».
29 январ куни Квебекдаги масжидда содир бўлган теракт натижасида 6 та мусулмон ҳалок бўлди. Айман жиддий жароҳат олиб 2 ой комада ётди. Ҳуши ўзига келгач, йигит умуртқа поғонасида ўқ туриб қолганини ва энди ҳеч қачон ўзи юра олмаслигини билди.
«Унга 7 марта ўқ узишган. 2 та ўқ умуртқасига кириб қолган. У энди юра олмайди. Фожиадан бери реаблитация марказида яшаб келмоқда», – деди Оттавалик кўнгилли Амира Элгаваби.
Масжиддаги теракт пайти ҳамюртларининг жонини сақлаб қолган қаҳрамон узоқ муддатли даволаш ва реаблитация курсларига муҳтож, оиласи учун эса янги уй керак, деб хабар беради Al Jazeera. Ҳозир Айманнинг хотини болалари билан 4 қаватдаги хонадонда яшайди, бинода лифт йўқ. Аравачада ҳаракатланадиган ногирон эса ундай шароитда яшай олмайди.
Канадада Айман учун хайрия акцияси ташкиллаштириб, маблағ йиға бошладилар. Ҳозирча 34 000 доллар йиғилган, аммо фаоллар уй ва даволаниш учун 311 000 доллар тўплашга умид қилиб турибдилар.

back to top