Эрон АҚШ устидан БМТга арз қилди

Эрон АҚШ устидан БМТга арз қилиб, Вашингтонни мамлакат ички ишларига аралашишга уринишда айблади.
Бу ҳақида Yenicag.Ru «Анадолу» агентлигига таяниб маълум қилмоқда.
Эроннинг БМТдаги доимий вакили Ғуломали Хушрўй БМТ бош котиби Антониу Гутерреш номига ва БМТ Бош ассамблеяси раҳбариятига мактуб йўллади.
«АҚШ ҳукумати норозилик намойишларини қўллаш баҳонасида Эроннинг ички ишларига аралашишга уринишни кўпайтирди. АҚШ президенти (Дональд Трамп) ва вице-презиенти (Майк Пенс) Twetter ижтимоий тармоғида кўпсонли бемаъни хабарларни жойлаштириб, эронликларни бўйсунмасликка янада руҳлатиришмоқда», – дейилади доимий вакилнинг мактубида.
Эрон вакилининг сўзларига кўра, АҚШ халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ принциплари билан ҳисоблашмайди, шу сабабли жаҳон ҳамжамияти Трамп маъмуриятининг Эрон ҳақидаги гапларини қораламоғи керак.
Эслатиб ўтамиз, 28 декабр куни аҳоли сони бўйича мамлакатда 2-ўринда турувчи Машҳад шаҳрида норозилик намойишлари бошланди. Кўп ўтмай бу намойишлар ҳукуматга қарши манифестларга айланиб кетди ва Теҳрон, Кирмоншоҳ, Сенендеч, Зенжон, Шероз, Қум, Ахвоз, Зоҳидон, Эрак, Хуррамобод шаҳарларини ҳам қамраб олди.
Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний фуқароларнинг конституцияда белгилаб қўйилган норозиликда иштирок этиш ҳуқуқини тан олгани ҳолда, норозилик зўравонликдан фарқ қилиши лозимлигини ҳам таъкидлаб ўтди.
Эрон Ислом Республикаси олий раҳнамоси Али Хумайний мамлакат душманларини ҳукуматга қарши фитнада айблади.
Ҳозирда 24 киши ҳалок бўлгани ва мингдан ортиқ инсон ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинмоқда. Кеча, 3 январ куни, Ислом инқилоби ҳимоячилари Корпуси (ИИҲК) қўмондони Муҳаммад Али Жаъфарий Эрондаги тартибсизликлар ниҳоясига етганини эълон қилди.