Ўзбекистон вакиллари Ҳиндистонда (фотолавҳалар)

Бугун Ҳиндистон сафари бошланди. «Сунний маданият маркази» раҳбарияти ҳамда Марказнинг 40 йиллигига бағишланган байрам тантаналарининг ташкилий қўмитаси аъзолари меҳмонларни ниҳоятда юксак даражада кутиб олдилар.
Аср намозидан сўнг меҳмонлар Марказ раиси шайх Абу Бакр Аҳмад Муслиёр ҳазратлари билан учрашиб, ўзбек халқининг, Мовароуннаҳр мусулмонларининг саломларини етказишди. Дўстона кайфиятдаги учрашув давомида раис жаноблари устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини, у зотнинг қилган хизматларини эслаб, ҳақларига дуолар қилдилар.
Мезбонлар бугун кечқурун Марказдаги таҳфизи Қуръон мактабининг беш минг нафар битирувчилари – ҳофизи Қуръонларни тақдирлаш маросимига таклиф қилиб, у ерда табрик сўзи айтишни илтимос қилдилар. Унгача эса биргаликда илмий-техник кўргазмани томоша қилиш мумкинлигини айтдилар.
Ушбу кўргазма Марказ қошидаги мактаб ва коллежларда ўқиётган ўқувчи ва талаба ёшлар томонидан ясалган, ишлаб чиқилган ҳамда ихтиро қилинган буюм, асбоб-ускуна ва жиҳозлардан иборат экан. Бу ерда асосан табиий ва аниқ фанлар, шунингдек, муҳандислик, дурадгорлик, электроника каби йўналишларда ўқийдиган ёшлар тайёрлаган маҳсулотлар намойиш қилинди. Кўргазма барча меҳмонларда ниҳоятда яхши таассурот қолдирди.
Байрам тадбирларидан олинган фотолавҳалар билан танишинг:
шайх Абу Бакр ва шайх Абдуҳаким билан саломлашув
Марказ expo 2018 кўргазмасига ташриф