Раққадаги қизил таназзул
Куни кеча кўпгина ОАВларда қуйидаги кадр эълон қилинди: юзини яшириб олган икки номаълум шахс Раққадаги аллақандай томга чиқиб олиб, ўроқ-болға рамзи туширилган қизил байроқни силкитганча суратга тушган.
Бу саҳна Рейхстаг устига ўрнатилган қизил байроқни ёдга солиши кўзланган эди. Аммо катта фарқлар яққол кўзга ташланиб турибди. «Рейхстаг» аллақандай хароб, байроқни ўрнатаётганлар ҳам, фашизм устидан зафар қозонганлардан фарқли равишда, ўз ғалабаларига ишонмайгина туришгандек, шу сабабли юзларини бекитиб олганлар (ким билади, кейин бошқа фильмнинг қаҳрамонига айланиб қолишлари мумкин-да).
Энг қизиғи, бу галги «Рейхстаг» устига ғалаба байроғи негадир Раққа озод этилган 2017 йилнинг октябрида эмас, 2018 йилнинг январига келиб, яъни қарийб уч ой ўтгач ўрнатилмоқда.
Лекин адолат ҳаққи айтиш лозим, курд ўртоқлар ва уларга қўшилган байналмилал коммунистлар Раққа озод этилгани ҳамоноқ камералар олдида ўз Ленинлари – Абдулло Ожалоннинг портретини очиб кўрсатган эди.
Савол туғилади: ўртоқ коммунистларга америкалик империалистлар томонидан туҳфа қилинган янги пойтахтлари ё харобалар ичра ётибди, ё мақтаниб кўрсатадиган жойи йўқми (бу суратнинг орқа фонида ҳам кўриниб турибди)? Қиладиган бошқа ишлари йўқми? Харобалар узра байроқ тиккандан кўра ўтган ойлар ичида социалистик меҳнат туфайли эришган ютуқларини намойиш этсалар бўлмайдими?
Умуман олганда, саволлар риторик. Яъни, одамларнинг муаммоларини ечиш ўрнига, коммунистлар ўз одатларига содиқ қолган ҳолда парадлар уюштириш, портретлар осиш, байроқлар тикиш ва буни қизил тарғиботга кўмиш билан овора.



