Элбоши мурожаатномаси ўзбек тилида чоп этилди

Элбоши мурожаатномаси ўзбек тилида чоп этилди

Жанубий Қозоғистон вилоятининг маркази Чимкент шаҳридаги «Ўтрор» илмий ва универсал кутубхонасида иккита нашр – «Элбоши мурожаати — тараққиёт кафолати» номли китоб ва «Туркистон — Туркий оламнинг маданий пойтахти» номли фотоальбом тақдимоти бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, тўпламлар Қозоғистон президентининг «Келажакка йўлланма: маънавий юксалиш» мақоласи асосида вилоят ҳокими Жансейит Туймебоев ташаббуси билан нашр этилган.
Тақдимот маросимида минтақадаги зиёли қавм вакиллари, китобхонлар, китобсевар ёшлар иштирок этишди. Таъдбирда сўзга чиққан Уласбек Садибек ўғли қўш тўплам вилоятнинг маънавияти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
«Бугун биз иккита китобни тақдим этиш арафасида турибмиз. Аввалгиси, Элбошининг 1997–2017 йиллардаги Мурожаатлари бир тўпламга келтирилиб, ўзбек тилида нашр этилган. Китобни минтақавий «Жанубий Қозоғистон» газетининг бош муҳаррири Алишер Сотволдиев тўплам ҳолатига келтирган. Бу ажойиб ишдир.
2017 йили Туркистон шаҳри Туркий оламининг маданий пойтахти деб эълон қилинди. Шу муносабат билан март ва декабрь ойлари оралиғида 40 дан ортиқ таъдбирлар ўтказилди. Мана шуларнинг барчаси тўпланиб «Туркистон — Туркий оламнинг маданий пойтахти» деган фотоальбомга жам бўлди. Тўпламни йиғувчи машҳур шоир Темирғали Кўпбоевдир. Ушбу альбом-китоб келажак учун битилган тарихдир , — деди Уласбек Садибек ўғли.
Ўзбек тилида чоп этилган «Элбоши мурожаати — тараққиёт кафолати» китобида 20 йил ичида 21 та Мурожаатнома ва «Келажакка йўлланма: маънавий юксалиш», «Халқ режаси 100 ҳақиқий қадамдир» каби тарихий ҳужжатлар бор. Тўплам мамлакат мустақиллигнинг 26 йиллиги ва «Қозоғистон – 2030» стратегик дастури эълон қилинганлигига 20 йил тўлиши муносабати билан 1000 нусхада чоп этилди.
«Туркистон — Туркий оламнинг маданий пойтахти» фотоальбомида туркийзабон давлатларнинг маънавий ва маданий пойтахти Туркистон шаҳри деб эълон қилиниши муносабати билан бўлиб ўтган таъдбирлар тўлиқ ёритилган. Халқаро саммитлар ва танловлар, йил давомида эришилган натижалар ҳақида маълумотлар ва фотосуратлар жамланган ушбу альбом 500 нусхада нашрдан чиққан.
Яқин кунда мазкур тўпламлар шаҳар ва қишлоқ кутубхоналарига, таълим муассасаларига етказилади.

ontustik.gov.kz


Баҳодур Тажиметов таржимаси

back to top