Буюк араб исёни
Араб инқилоблари туфайли бошланиб кетган низолар, бир қарашда, интиҳо топмоқда. Араб аксилинқилобчилари қатор мамлакатлардаги ўзгаришларнинг йўлини тўсгач, демократик тизимларнинг яқинлашуви ва халқ иродасини амалга ошириш учун ўтиш даври бошланган давлатларда вақтни ортга қайтаришга ошиқди.
Тунис, Миср, Ливия ва Яманда озчиликнинг авторитар тузумлари ағдарилди, аммо Иордания, Жазоир ва Ироқ каби мамлакатларда халқ ҳаракатлари тубдан ўзгаришларни амалга ошира олмади.
Асаднинг иттифоқчилари унинг режимига доир этноконфессиал арконларни ҳар нима бўлса ҳам ҳимоя қилишга тайёрлигини билдиргач, Суриядаги халқ инқилоби фуқаролар урушига айланиб кетди, у эса ўз навбатида шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилиб, сурияликлар орасига нифоқ солди. Араб инқилоблари бошлангандан икки ёки уч йил ўтиб ҳарбий ва халқ тўнтаришлари Миср ва Тунисда халқ қозонган ғалабаларни йўққа чиқарди, Ливия ва Яманни эса фуқаролик уруши домига отди.
Ироқда Маликийнинг узоқни кўра билган ва деструктив сиёсати натижаси шу бўлдики, 2014 йилнинг ёзида мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми ИШИД тасарруфига ўтди. Давлат назоратининг сусайиши ИШИД ўз таъсирини бутун Сурия бўйлаб ёйишига имкон берди.
Шунга қарамай, инқилоблар ва демократлаштириш, фуқаролик урушлари ва жангари гуруҳларнинг ёйилиши, суверенитетнинг ва давлат чегараларининг бузилиши даври ҳадемай якун топадигандек. Мисрда ҳукуматнинг тобора барқарорлашиб бораётгани ва унинг сиёсат, иқтисод ҳамда хавфсизлик борасидаги чақириқларга жавоб бериш салоҳияти яққолроқ кўриниб бормоқда. Тунисда тунис халқи ва сиёсий кучлар Ас-Сабсий режими билан ёнма-ён яшаётгани ва унинг ҳукумати юритаётган сиёсатга, хусусан, собиқ ҳукумат кучини тан олишига рози бўлаётгани кўзга ташланмоқда. Ливияда эса Хафтар БААнинг катта мадади туфайли Схират келишувининг қайта кўриб чиқилишига эришиш учун ўз иродасини нафақат Ливия душманларига, ҳатто, халқаро ҳамжамиятга ҳам маъқул қилишнинг уддасидан чиқмоқда. Яманда бир томондан Саудия Арабистонининг заифлиги, бошқа томондан Амирликларнинг амбициялари туфайли мамлакат шимолида хусийларнинг мағлубияти ҳақида гапириш ҳам фойдасиз.
Сурияда Асад ҳукумати фуқаролик урушининг ғолиби бўлади деган келишув мавжуд. Ироқда фуқаролар Маликийни сиқиб чиқаришга ва ақллироқ бош вазирни тайинлашга муваффақ бўлдилар ва ИШИДнинг буткул мағлубияти эълон қилинди.
Фаластинда Миср ҳукуматининг воситачилигида ва ХАМАСнинг Ғазо секторида Маҳмуд Аббос ҳукуматини тан олиши ортидан миллий ярашувнинг илк нишоналари кўринмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бари бояги-бояги, ҳатто аввалгидан баттарроқ ҳолатга келяпти: махсус хизматлар яна ҳукуматни ва жамиятни ўз назорати остига олмоқда, одамлар қамоқхоналарга қайтмоқдалар, гап энди юзлаб эмас, минглаб маҳбуслар ҳақида кетяпти. Одамлар яна изсиз йўқолмоқда, мухолифат вакилларининг жасадлари эса кимсасиз кўчалардан топиляпти; парламентлар ҳукмдорлар ва уларнинг издошлари кўнглини овлайдиган риторик клубларга айланяпти; бошқарув яна ҳокимиятни ва бойликларни эгаллаб оладиган, миллий ва диний гуруҳларни таъқиб қиладиган ҳамда жамиятнинг маргиналлашувига олиб келадиган камчиликнинг қўлига ўтди.
Узоқ ва бой тарихга эга бу ҳудудда на халқ инқилоби, на фуқаролик уруши ҳеч нимани ўзгартира олмайди – бугун араб Машриқида бўлаётган ҳодисалардан шундай хулосага келиш мумкин ва бу асоссиз эмас. Аммо бошқа фикрлар ҳам бор. Шунга қарамай, аксилинқилоб ҳаракатини бошқарган, Форс кўрфазида инқироз юзага келишига сабаб бўлган араб давлати ва бу инқирознинг ўзи Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик Кенгашининг емирилишга олиб келиши мумкин.
Давлат тўнтаришини бошидан кечирган ва халқ ҳаракатлари мақсадларидан чекинган бирор давлат кўпчилик учун ишонарли бўлган тузумни тузишга муваффақ бўлмаган. Иқтисодий ва сиёсий сабабларга кўра ёки фуқаролар уруши оқибатлари туфайли Миср, Тунис, Ливия, Яман ва Суриянинг тақдири қил остида турибди, ҳоким синфлар халқни ўзига 2011 йилдагидан ҳам баттарроқ бўйсундириш учун оммавий зўравонликларни амалга оширяпти, бу эса уларнинг ўзига ишончини исботламаяпти, аксинча, тузумларнинг одатдаги воситалар билан легитимликка эришиш қобилияти йўқлигини кўрсатяпти.
Форс кўрфазидаги мамлакатларнинг миллиардлаб долларлари бўлишига қарамай, Мисрнинг ташқи қарзи мисли кўрилмаган даражада ўсди, раҳбарият эса ўз мухолифларига нисбатан водийда ва Синайда зўрлик ишлатишда давом этяпти. Сурияга келсак, Асад мамлакатнинг катта қисмини вайроналарга айлантирмади, аммо уни шундай хавфсизлик ҳудудларига тақсимлаб ташладики, уларнинг ҳар бири хориждан келган ҳарбий бўлинмалар томонидан назорат қилиняпти.
Хафтарнинг ҳокимияти Ливиянинг шарқини енгил назорат қилиш билан чекланиб қолди. Саудия Арабистони ва Амирликларнинг Яман урушидаги иштироки қонуний ҳукуматга нисбатан хусийларга кўп фойда келтираётган бўлса ҳам, хусийларнинг мамлакатдаги назорати тобора заифлашмоқда. Ярашув ҳақида гапирилса-да, Ироқ бош вазири шиа лашкарлари гуруҳларини давлат армиясига айлантиришни истаяпти ва уларнинг сунний кўпчилик устидан назоратни қўлга олишларини рағбатлантиряпти. Мосул ва Анбардаги федерал полиция амалиёти 2014 йил ёзида ИШИДнинг ривожланишига ёрдам берди. Бу ташкилот устидан ғалабани эса халқ лашкарлари уддаладилар. Аёнки, бу ғалаба узил-кесил, аммо ИШИД кетгач ҳудудни қандай келажак кутаётганини ҳеч ким тахминлай олмайди. Шунга қарамай, янги зиддиятлар чиқиши хавфини туғдираётган ва Яқин Шарқдаги хавфсизликка путур етказадиган Ироқ Курдистони атрофидаги инқирозни эътибордан соқит қилмаслик керак.
Лекин Яқин Шарқ масаласи билан шуғулланадиган олимлар араб инқилобий ҳаракатлари тасаввур қилингандан кўра мураккаброқ ва чигалроқ эканини пайқамадилар. Эрк, демократия ва инсон қадрининг улуғланишини талаб қилган ёш эркак ва аёллар – бу мавжуд миллий давлатлар ва умуман ҳудудий тизимдаги инқирознинг белгиларидир. Инқироз нафақат Ироқ ва Сурияда, балки Синайда, Мисрнинг шарқий чегараларида ҳам рўй берди ва бу икки инқироз кўп ўтмай шу даражада бир-бирига чирмашиб кетдики, улардан бирини иккинчисидан айро тасаввур қилиб бўлмай қолди.
Миллий ва диний, сиёсий ва бошқа турдаги озчилик ҳукмронлик қилаётган Машриқ, тузумлар томонидан ишлатиладиган куч нақадар қаттиқ бўлишига қарамай, ортиқ мавжуд бўла олмайди. ХХ асрда миллий давлатлар ва сионистлар лойиҳалари чегарасида яшаган Машриқ энди яшаб қолишга қодир эмас. Шубҳасиз, сўнгги бир неча йиллар буюк силкинишлар даври бўлди, бироқ яқин вақтда исёнлар барҳам топади деб ишониш ғоят соддалик бўлур эди.



