БМТ Фаластиндаги болаларнинг аҳволидан хавотирда
БМТ матбуот котиби Стефан Дужаррик Исроил ҳукуматини болалар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди.
Исроил ҳукуматининг фаластинлик Аҳд ат-Тамимий номли 16 яшар қизни ҳарбий маҳкамага тортиш ниятидан БМТ хавотирда. Қиз Исроил истилосига қарши курашгани учун халқаро мукофотга сазовор бўлган эди.
«Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш керак. Биз болаларнинг ҳибсга олинаётганидан жуда хавотирдамиз ва бу масала бўйича ўз позициямизни маълум қилдик», – деди БМТ матбуот котиби Стефан Дужаррик.
Исроиллик ҳарбийлар 16 яшар Аҳад ат-Тамимий ва унинг онаси Наримонни 19 декабр куни ҳибсга олган эдилар, орадан бир кун ўтиб қизнинг холаваччаси Нур ҳам қамоққа олинди. Аввалроқ Исроил ҳарбий суди Аҳд ат-Тамимий ҳамда онаси ва холаваччасини ҳибсда ушлаб туриш муддати яна 4 кунга узайтирилиши ҳақида қарор чиқарди.
Аҳд 2012 йили Истанбулда жасорати учун «Ханзала» мукофоти билан тақдирланган эди. Ўшанда у акасини ҳибсга олаётган исроиллик ҳарбийларга қарши чиқиб жасорат кўрсатган эди.
Шу кундан эътиборан бутун дунё Аҳдни исроиллик ҳарбийларга қарши чиққан жасур қиз сифатида таниди. У ўша пайтда Туркия бош вазири бўлган Ражаб Тойиб Эрдўғон билан ҳам учрашган эди.



