Таниқли олим Салмон Авда қамоқхона шифохонасига ўтказилди
Саудиялик воиз ва дин арбоби Салмон Авда саломатлиги ёмонлашгани сабабли бир кишилик камерадан қамоқхона касалхонасига ўтказилди.
Бу ҳақида унинг ўғли Twitter орқали маълум қилди. Ахборотни қиролликдаги бошқа манбалар ҳам тасдиқламоқда, деб хабар бермоқда «Исламология» телеграм канали.
Шайх Салмон Авда 2017 йилнинг сентябрида ҳибсга олинган эди. Ўшанда Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмоннинг Қатар амири билан телефон суҳбатидан сўнг Салмон Авда ижтимоий тармоқ орқали Парвардигорга илтижо қилиб, «Аллоҳ уларнинг қалбларини бирлаштирсин» деб ёзганди. Шу ёзув сабаб воиз Қатар ҳукуматига хайрихоҳликда айбланиб қамоққа олинган.
Аввалроқ Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бир неча ойлардан бери Саудия Арабистонида атоқли Ислом уламоларидан бўлган Авданинг асоссис равишда ҳибсда ушлаб турилганини айтган эди. Бундан ташқари, унинг қариндошларига ҳам мамлакатни тарк этиш тақиқлаб қўйилган.



