Ўсмир қочқин болалар учун мактаб очди

Ўсмир қочқин болалар учун мактаб очди

Уруш туфайли 12 ёшда бошқа мамлакатга қочиб кетган ва қочқинлар лагерида яшаётган болакай мактаб ташкил қилди деса ишониш мумкинми? Ҳаётда шундай ишлар ҳам бўляпти.

Бундан тўрт йил аввал Муҳаммад Ал-Жунда Бекаада ўз мактабини очган эди. Ўшанда 12 яшар болакай оиласи билан юз минглаб сурияликлар қатори қўшни Ливандаги қочқинлар лагерига тушиб қолди. Муҳаммад ўқишни яхши кўрарди, у болаларни йиғиб фотография ва математикадан дарс бера бошлади. Бора-бора унинг бу дарслари ҳақиқий мактабга айланиб кетди.
Ҳозир бу ерда 200 та бола ўқийди, уларга асосий фанлар ўргатилади. Бундан ташқари, куни кеча 16 яшар Муҳаммад Халқаро болалар тинчлик мукофоти совриндори бўлди. Мукофотни унга Малала Юсуфзай топширди.
«Муҳаммад Суриянинг келажаги унинг фарзандлари қўлида эканига ишонади, ватан фарзандларининг келажаги эса илмда деб билади», – деди Малала Юсуфзай мукофотни топшириш маросимида.
Шунингдек, Муҳаммад Ал-Жунда Суриядаги ривожланиш мактаби учун 100 000 евро миқдорида грант ютиб олди.
«Келажак аниқ эмас, уни бошқариб бўлмайди, шу сабабли мен келажакдан хавотир олишни бас қилдим, – деди Муҳаммад мукофотни қабул қилиб оларкан. – Мен айни дамда нима қила олишим ҳақида ўйлаяпман».

back to top