Урдун Исроилнинг энг яхши қўшнисими?

Исроилнинг Урдун (Иордания)даги элчиси Даниель Невонинг таъкидлашича, “Исроил Урдунданда яхшироқ қўшни ҳақида орзу ҳам қилолмас” экан. Икки давлат ўртасидаги стратегик алоқаларнинг мунтазам равишда ривожланиб бораётгани бунинг яққол мисолидир, дея таъқидлаган элчи.
Исроилнинг “Армия радиоси”га берган интервьюсида Даниель Нево Урдуннинг сиёсий етакчилари, шу жумладан, қирол Абдуллоҳ II томонидан Исроилга нисбатан билдирилаётган танқидларга эътибор бермасликка чақириб: “Улар омма ғазабини жиловлаб туриш ҳамда қатор араб ва ислом давлатлари томонидан Аммонга нисбатан ўтказилаётган тазйиқларни енгиш учунгина шундай қилмоқдалар”, – деб айтган.
Элчининг эътироф этишича, Урдун расмийлари томонидан Исроилга нисбатан билдирилаётган танқидларга қарамай, иккитомонлама алоқалар муттасил ривожланиб бормоқда. Хусусан, икки мамлакат махфий маълумотларни ўзаро алмашиш, хавфсизлик тадбирларини мувофиқлаштириш, савдо ва иқтисодий соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича яхши натижаларга эришмоқдалар.
Қўшимча қиларкан, Исроил элчиси яҳудий бизнесменлари Урдунда аслида ким эканликларини яширган ҳолда фаолият олиб бораётганликларини тан олган.
Суҳбат чоғида Даниель Нево Урдунни “тўлқинланаётган денгизлар орасидаги барқарор орол” деб атаган.
Айни пайтда, Исроилнинг иқтисодиёт вазири Нафтали Беннет ўз юртдошларини Урдун ва араб давлатлари томонидан билдирилаётган муносабатга эътибор бермай, Қуддуси Шарифдаги Ал-Ақсо масжидини тўлиқ эгаллаб олиш масаласини қўллаб-қувватлашга чақирган. У Қуддуси Шарифни “фақат Исроилнинг абадий пойтахти” дея тасвирлаган.