Анқарада «қутқарилган» китоблардан тузилган антиқа кутубхона очилди
Анқарадаги чиқинди йиғувчилар ташлаб юборилдган китоблардан таркиб топган оммавий кутубхонани очдилар. Бир неча ойлар давомида чиқинди йиғувчилар кўплаб китобларни «қутқардилар», кейинроқ уларга маҳаллий аҳолидан кўнгиллилар ҳам қўшилди.
Аввалига кутубхона чиқинди йиғувчилар ва уларнинг оилалари учун мўлжалланганди. Аммо китоблар кўпайиб боргани сайин шаҳар аҳолисининг ҳам қизиқиши ортди. Шундан кейин кутубхона барча учун эшикларини очиб қўйди. Ҳозир у ерда 6000 дан ортиқ бадиийдан ва илмий китоблар мавжуд. Болалар учун комикслар бўлими ҳам бор. Кутубхона эски ғишт фабрикаси ҳудудидан жой олган.
«Кимдир бу китобларни ахлатга ташлаган, бошқалар эса уларга зор. Биз ушбу лойиҳани муҳокама қилишни бошлаганимизда, кўпчилик қўллаб-қувватлади. Шундан кейин ғоямиз амалга ошди», деди кутубхона жойлашган Чанкай тумани ҳокими Алпер Тошделен.
Китоблар шу қадар кўпайиб кетдики, кутубхона «қутқарилган» китобларни таълим муассасаларига ва ҳатто қамоқхоналарга тарқатмоқда. Китобхонлар учун бу ерда дам олиш ҳудуди ва шахмат тахталари ҳам бор. Кутубхона, айниқса, велосипедчиларга жуда манзур: улар шаҳар айланиб чарчаганларида бу ерга кириб чой ичадилар, китоб ўқийдилар ва ҳордиқ чиқарадилар.
«Уйимда кутубхонам бўлишини доим орзу қилардим. Энди бизнинг ўз кутубхонамиз бор», – дейди 32 ёшли чиқинди йиғувчи Сархат Бойтемир.
Манба: bigpicture



