АҚШда исломий суҳбатлар оммалашмоқда

АҚШда исломий суҳбатлар оммалашмоқда

2015 йил америкалик муслима Мойна Шаик маҳаллий газетага эълон бериб, одамларни қаҳвахонага бир пиёла чойга таклиф қилди ва тадбирни «Ислом билан таниш» деб номлади. Бу Сан-Бернардинодаги терактдан кўп ўтмай айтилган таклиф бўлиб, Мойна ҳамюртларига мусулмонларнинг ҳамда Исломнинг аслида қандай эканини кўрсатмоқчи эди.

Аёл белгиланган вақтда белгиланган жойга йўл олар экан, барибир ҳеч ким келмайди, бекор ўтирмай деган ўйда ноутбукини ҳам кўтариб олди. Аммо қаҳвахонада уни 20 киши кутиб турганди, ҳаммаси бўлиб 100 киши келди. Аёл ҳамманинг саволларига жавоб бериб бўлгачгина тадбирни тарк этди.
Ўшандан бери Мойна бундай чойхўрликни тез-тез уюштириб турадиган бўлди, кейинроқ уни АҚШнинг бошқа бурчакларига ҳам чақириб, Исломнинг моҳияти ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилдилар. Мойна бу таклифларга жон деб рози бўлди, дея хабар беради Seattle Times.
«Мен мана 40 йилдирки, дунё бўйлаб саёҳат қиламан, аммо Ислом дини ҳақида ҳеч нима билмас эдим», – деди Crooked Trails номли нотижорат ташкилоти директори Кристин Макай. У Мойнани Ислом ҳақида маърифий тадбирларни ўтказиб бериш учун Сиэттлга чақирди.
Мойна Шаик 1978 йил коллеж талабасига турмушга чиқиш учун Покистондан АҚШга кўчиб борган. Ҳозирда уларнинг уч фарзанди бор ва Калифорнияда истиқомат қиладилар. Турмуш ўртоғи уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

back to top