Араб Лигаси: “Қуддус – қизил чизиқ”

Қуддуси Шарифда давом этаётган зўравонликлар сабабли, Араб Лигаси ташкилоти Исроилни “қизил чизиққа” етиб келганлиги ҳақида огоҳлантирди ва халқаро ҳамжамиятни ушбу муқаддас шаҳарда бўлаётган адолатсизликка чек қўйиш йўлида Исроилга нисбатан таъсир чораларини кўришга чақирди. Бу ҳақида Араб Лигаси раисининг муовини Аҳмад бин Ҳилли маълум қилган.
Ҳилли жанобларининг айтишича, агар Исроил Қуддусга ҳам қўлини чўзадиган бўлса, бунинг оқибатлари жуда ёмон ва тасвирлаб бўлмас даражада бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган пайшанба куни Исроил томони Ал-Ақсо масжидини ёпиб қўйганидан кейин Фаластин халқининг норозилиги кучайиб кетти. Эркакларнинг масжидга кириши умуман таъқиқланган эди. Бироқ, вазият ўта кескин тус олаётгани сабабли, жума куниёқ Исроил масжид дарвозаларини қайта очиб беришга мажбур бўлди. Шундай бўлса-да, Исроил ҳукумати фаластинлик намойишчиларга нисбатан кескин чораларни кўриш ҳақида қарор қабул қилди, жумладан, Исроил кучларига нисбатан норозилик билдириш мақсадида уларга тош отганлик учун 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланди. Мазкур қарор Исроил парламенти томонидан тасдиқланса, кучга киради. Ўтган ҳафта ичида 17 нафар оддий фаластинликнинг ҳибсга олингани маълум қилинмоқда.