Аёзли кунларда масжидлар бепул такси хизматини йўлга қўйдилар
Аёзли кунларда масжидлар бепул такси хизматини йўлга қўйдилар
Қаттиқ совуқ муносабати билан Қозоғистон пойтахти Астанадаги масжидлар «Астана – мурувват шаҳри» номли акцияни бошладилар, дея хабар беради «Казинформ».
Акция уч асосий йўналиш бўйича олиб борилмоқда: шаҳар аҳолиси учун бепул такси, муҳтожларга кўмир етказиб бериш ва кўча тозалайдиган фаррошларга иссиқ чой ҳамда таом келтириш.
Хайрия акциясида шаҳарда яшовчиларнинг ҳар бири иштирок этиши мумкин.
«Ўтган йили қаҳратон кунлари ҳам биз кичик акциялар ўтказган эдик. Бу йил Астананинг 8 масжиди бирлашиб, кенг миқёсли тадбирга айлантирдик. Акция доирасида минглаб инсонларга совуқ кунларда ёрдамлар кўрсатилди, оғири енгил қилинди. Садақа пулларидан кўмир сотиб олиб тарқатилди (10 оилага 3 тоннадан), кўчада ишлайдиганларга иссиқ чой ва таом етказиб берилди. Уловга эҳтиёжи борларга бепул такси хизматларини таклиф қиляпмиз», – деди «Нур Астана» масжидининг бош имоми Аскар Муканов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир шаҳар бўйича 25 та автомашиналар одамларни ташишмоқда ва бунда йўловчиларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Акцияда иштирок этишни истаган ҳайдовчилар аввал масжидга келишлари керак. Автомашинанинг аҳволи ва ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилади, унинг телефон рақами, паспорт маълумотлари, манзили ёзиб олинади, шунингдек, йўловчиларнинг хавфсизлигига доир маълум қоидалар тушунтирилади. Шундан кейингина масжид номидан унинг хайрия акциясида иштирокига рухсат этилади ва автомобилининг ойнасига ёпиштириб олиши учун ёрлиқ берилади.
Масжидга кўпроқ кекса одамлар мурожаат қилишади ва улар истаган манзилларига олиб бориб қўйилади.
Хайрия акцияси кунлар исигунча давом этади.
Бепул такси хизматидан фойдаланган шаҳар аҳолиси ижтимоий тармоқларда ўз миннатдорчиликларини билдиришни бошладилар.



