Саудия Арабистони қочқинларга ёрдам бермаётгани ростми?

Саудия Арабистони суриялик қочқинларга кўрсатаётган ёрдамлари ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилишга мажбур бўлди.
Кейинги пайтларда Саудия Арабистони ва минтақадаги бошқа араб монархияларини суриялик қочқинлар ҳамда бошқа мусулмон ўлкаларида жабр кўраётган мусулмонларга етарли даражада ва кўнгилдагидек ёрдам бермаётганликда айблаш ва бу борадаги танқидлар кўпайиб кетди. Ижтимоий тармоқларда буни янада кўпроқ кузатиш мумкин.
Саудия Арабистонининг Ташқи ишлар вазирлиги ушбу танқид ва айбловларни инкор қилиб, қиролликнинг суриялик ҳамда бошқа ўлкалардаги урушларда жабр кўрган мусулмонларга кўрсатаётган реал ёрдамини ошкор қилди.
Европа мамлакатлари ҳар бир қочқинни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида талашиб-тортишиб турган ҳамда қабул қилинган қочқинларни концлагерга ўхшаш масканларга жойлаётган бир вақтда Саудия Арабистони 2,5 миллион суриялик қочқинларга бошпана берди. Саудия Арабистони олиб бораётган иммиграцион сиёсати оқибатида сурияликлар бу ерда қочқинлар сифатида эмас, балки муносиб ҳаёт қуриш учун барча ҳуқуқларга эга аҳоли ўлароқ яшашмоқда.
Саудия Арабистонининг расмий ваколатхонаси суриялик муҳожирларнинг оғирини енгил қилиш йўлида қандай чоралар кўргани ҳақидаги ҳукуматдан олган статистикани чоп қилган. Уларниинг маълум қилишича, аввалига мазкур статистик маълумотларни диний ва гуманитар сабабларга кўра ошкор қилмоқчи бўлишмаган, деб хабар қилди Al-Arabiya.
Хабарларда айтилишича, Сурияда ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетганидан буён қироллик 2,5 миллион сурияликни қабул қилган, уларга яшаш учун ҳужжатлар тақдим қилинган, текин тиббий полислар ҳамда меҳнат қилишларига рухсатлар берилган. Болалар ва ўсмирлар мактаб ва университетларга қабул қилинган. Ҳусусан, мамлакат мактабларига 100 000 мингдан ортиқ суриялик болалар қабул қилингани алоҳида эътиборга сазовордир.
Бундан ташқари, Саудия Арабистони Урдун ва Ливандаги қочқинлар лагерига узуликсиз ёрдам кўрсатиб келмоқда. Инсонпарварлик ёрдами сифатида 700 миллион долллар сарф қилинган.
Саудия Арабистони Урдундаги Заатари қочқинлар лагерида тиббий марказларни очган ҳамда Ливан ва Суриянинг ўзида яшаётган жабрланувчилар яшашлари учун ижара ҳаққи ҳамда оилаларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини ҳам қоплаб берган.
Абу Муслим тайёрлади