БАА 2011 йилдан бери 242 мингдан ошиқ суриялик қочқинни қабул қилди

БАА Хукумати 2011 йилдан буёғига мамлакатга келган 100 мингдан ортиқ сурияликка мамлакатда “яшаш хуқуқи”ни чўзиб берган ва ҳозирда БААда 242 минг суриялик фуқаро истиқомат қилиб келмоқда, дейилади БАА ҳукуматининг “Ассошиэйтед Пресс” агентлигига берган баёнатида, хабар беради “РИА Новости”.
Сурияликларга қандай шартлар асосида “яшаш ҳуқуқи” чўзиб берилгани тўғрисида хукумат аниқлик киритмаган. Ундан ташқари, 2012 йилдан бери хукумат томонидан 530 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ инсонпарварлик ҳамда тикланишга ёрдам сифатида ажратилган. Маблағнинг бир қисми Урдун ҳудудидаги муҳожирларга ёрдам берувчи уч лагердан бирининг фаолиятини таъминлаш учун сарф қилинмоқда.
“Маражиб аль-Фхуд” лагерида 4 минг суриялик яшаб келмоқда. Жаҳонда охирги ойларда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидаги тўқнашув ва урушлардан қочиб келаётган мигрантлар билан бўлган ҳолат бир мунча кескинлашган. БМТ маълумотларига кўра, 7,6 миллион нафарга яқин инсон ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Тўрт миллионга яқини эса муҳожирлар учун аталган лагерларда кун кўрмоқда.
2015 йил бошидан бери Европа Иттифоқи (ЕИ) ҳудудига 340 мингдан зиёд мигрант келиб жойлашган. Экспертлар фикрига кўра, ҳозирги кунда ЕИ давлатларидаги муҳожирлар билан бўлган ҳолат, Иккинчи жаҳон урушидан бери инсонлар “кўчиб ўтиши” билан боғлиқ қайд қилинган - энг ёмон инқироздир. 30 август куни мазкур миграцион инқироз кескин тус олаётгани сабабли, Германия, Франция ва Буюк Британия мамлакатларининг адлия ва ички ишлар вазирлари фавқулодда мажлисини ўтказиш бўйича қўшма баёнот бердилар.
Абу Асадуллоҳ тайёрлади