Исроил фаластинликларнинг уйларини бузишда давом этмоқда

Исроил ҳукумати Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғидаги Наблус шаҳрига яқин Дежон қишлоғида бир фаластинликнинг қурилаётган уйини бузиб ташлади.
Маҳаллий манбаларнинг маълум қилишича, Исроил ҳарбийлари Дежон қишлоғига рейд уюштириб, фаластинлик Зиёб Рожиҳнинг уйини бузиб ташлаган.
Исроил томони уй «С» ҳудудида ноқонуний тарзда қурилганини айтиб, ўз қилмишини изоҳламоқда.
Исроил хавфсизлик кучлари уйни бульдозер билан бузиб ташлади.
«Осло-2» келишувига кўра, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи учта ҳудудга бўлинган: «А» ҳудудни Фаластин тўлиқ назорат қилади, «В» ҳудудида Фаластин фақат фуқароларни назорат қилади, «С» ҳудудида эса фуқаролар ва хавфсизлик масалаларини Исроил тўлиқ назорат қилиши керак.
Исроил фаластинликларга «С» ҳудудда ҳеч нарса қуришга рухсат бермайди ва аввал қурган уйларини ҳам мунтазам равишда бузиб келади.
Исроил томонидан истило қилинган Қуддусга 200 мингга яқин, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғига эса 400 минг яҳудий кўчириб келтирилган.
Халқаро ҳамжамият бу ҳудуддаги барча яҳудий тураржойларини ноқонуний равишда қурилган деб ҳисоблайди.