Америкадаги шаҳар ҳокимияти мусулмонларга катта товон тўлайди

Американинг Нью-Жерси штатидаги Бейонн шаҳри ҳокимияти маҳаллий мусулмонлар ташкилотига 400 минг доллар миқдорида товон тўлайди.
Эътиқод эркинлиги бузилиши тўғрисида ташкилот томонидан федерал судга топширилган ариза бунга сабаб бўлди. Маҳаллий ҳокимият мусулмонларга ушбу даъводан воз кечиш эвазига катта миқдорда товон тўлашга рози.
Аввалроқ шаҳар ҳокимияти мусулмонларнинг масжид қурилиши ҳақидаги сўровига рад жавобини бергани учун, АҚШ адлия вазирлиги тергов ишларини бошлаган эди. Бейонн шаҳри мусулмонлар жамоати масжид қурилиши учун рухсат сўраб маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилган, аммо мусулмон ибодатхонаси яқинида машиналар тўхташ жойи билан муаммо юзага келиши мумкин деган баҳона билан ҳокимият рад жавобини берган эди.
Судга ариза топшириб, ишга адлия вазирлиги аралашгач, шаҳар ҳокимияти юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни фаҳмлади ва масжид қурилишига нисбатан асоссиз қаршилик кўрсатишдан воз кечди, деб хабар беради NJ.com.
«Биз узоқ давом этган ушбу курашда кўрсатган мадади учун Бейон аҳолисидан миннатдормиз, шаҳар ҳокимияти ҳам хатони вақтида англаб, тўғри хулоса чиқаргани учун таҳсинга лойиқ», деди мусулмонлар ташкилоти раҳбари Абдулҳамид Батт.
Энди мусулмонлар 400 минг доллар товон пулини ҳам масжид қурилишига сарфламоқчи.