Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (5-қисм)

Дўстим, сенга ота-онам оламдан ўтгани ҳақида айтгандим. Уларнинг ўлимини ўз кўзларим билан кўрганман. Бизнинг юртимиз Аракон, буддистларга мустамлака бўлганидан бери бу диёрдаги инсонларга ҳеч роҳат қолмади.
Улар хоҳлаганда келиб устимизда хоҳлаган зулмини қилиб келишди. Ўн ёшлигимда далада қўй боқиб юган Араконлик мусулмон йигит бир буддист билан жанжаллашиб қолгани учун давлатнинг қуролли кучлари ҳамроҳлигида келган буддистлар уч юзга яқин мусулмонни ўлдиришган. Ўлганлар ичида ёш болалар, аёллар ва қариялар ҳам бор эди. Шунда отам чиқиб: “Муаммоларни келишиб ҳал қилсак бўлади-ку, жангни тўхтатайлик”, деганида: “Тилинг чиқиб қолибдими?” дея унинг бўйнидан арқон билан боғлаб итга ўхшатиб етаклаганларини, уларга қаршилик кўрсатишга уринганида оёғидан отиб яралаганлари, уриб-уриб ҳолдан тойдириб кўзининг олдида онамга зўравонлик қилишга уринганлари, онам қўлидаги пичоқ билан улардан бирининг кўзини чиқаргач, ота-онамнинг иккаласини ҳам отиб ўлдирганлари ва жасадларини ёқиб юборганларини ўз кўзларим билан кўрганман. Ўша воқеаларни эслагим келмагани учун сенга бу ҳақда оғиз очмагандим. Ўзинг холисона айт-чи, шуларнинг давлатини Ватаним дея оламанми? Булар ҳали холва. Шундай воқеаларни кўравериб ўрганиб ҳам кетдик. Сенга маълумот сифатида айтиб қўяй, Аракон ҳудудида яшайдиганларнинг ҳаммаси Ислом динига эътиқод қиладилар. Биз минг йиллардан бери мусулмонмиз. Эҳтимол, бошқаларга ёқмайдиган томонимиз ҳам шу мусулмонлигимиздир?! Агар бошқа дин вакили ёки динсиз бўлганимизда, шу пайтгача бошимизга келаётган мусибатларнинг юздан бири рўй берганда ҳам, бошқа катта давлатлар ёки ташкилотлар бу кичик золим давлатни ишғол қилиб, тавбасига таянтиришарди, жиноятчиларни жазолашарди. Сен бу гапларни яхшироқ тушунишинг учун айни кунларда ўзимнинг ва бу ерда яшайдиган ҳар бир мусулмоннинг бошига тушаётган баъзи ҳодисаларни ёзишга қарор қилдим”.
Эдуард блокнотни четга қўйиб икки қўли билан бошини чангаллаб бироз ўтирди. Кейин ёшли кўзларини артиб: “Эҳҳҳ дўстим, эҳҳ Рашид, Рашид”, деб ўтирган сўрини муштлади. Бироз ўйланиб ўтирди-да кейин блокнотни олиб ўқий бошлади:
“Эдуард, бундан уч ойча олдин Араконда ва унинг атрофида яшайдиган буддавийлар мусулмонларни ҳақоратлар қилишлари, йўқ жойдан сабаб топиб уруш чиқаришга уринишлари кўпая бошлади. Бу яхшилик аломати эмаслигини англаб, Аракондаги мусулмонлар, маҳалла оқсоқоллари ва маҳаллий раҳбарлар билан маслаҳат қилиб, уларга жуда ҳам эҳтиёткорона муомала қилиш муҳимлигини, нима бўлганда ҳам, сабр лозимлигини бир-биримизга уқтирдик. Аҳолимиз ҳам имкон қадар бу зулмли ҳақоратларга сабр қила бошлади. Аммо кўнглим доимо ғаш, душманнинг шашти пасаядиганга ўхшамасди. Дунёнинг аҳволига назар солдим. Мусулмонман деган диёрларнинг ҳаммаси ўз муаммоси билан овора бўлиб қолган: Саудия Арабистони Яман билан жангга кирган, Яманнинг ўзи ҳам парчаланган, Мисрнинг аҳволи ҳам ҳавас қиларли эмас, ҳар кун янги муаммо билан қаршилашадиган ҳолда, Ливия, Ироқ ва Сурияларни гапирмаса ҳам бўладиган аҳволда экан. Бошқа давлатлар ҳам мусулмоннинг дардини кўтариб таваккал қиладиган даражада эмасликлари маълум эди. Бизга қилинган зулмларга қарши биров шу пайтгача ёрдам бермаган бўлса-да, дунё ҳамжамиятида қаттиқ қоралашлар бўларди, маънавий кўмаклар бериларди. “Агар яна шунақа жанжаллар бошланса, ўша маънавий ёрдамдан ҳам бебаҳра қоларканмиз-да”, деб ўйладим.
Дўстим, мана қирқ беш ёшга етибманки, “Бу ерлар буддавийларники, сенлар келгиндисанлар, йўқолинглар бу юртлардан” деган ҳақоратларни эшитиб сабр қилиб яшаймиз. Минг йиллардан бери аждодларимиз яшаган бу Ватан ҳақида шундай туҳматлар қилишлари, мусулмонни одам ўрнида кўрмасликлари, қонунда ҳам ҳеч қандай ҳуқуқимиз қайд қилинмагани – булар ҳаммаси, сенингча, оддий гапларми? Инсон ҳуқуқлари дея жар солаётган ташкилотлар “ИНСОН” деганда мусулмондан бошқасини назарда тутишармикан, ажабо?!
Давоми бор...