Масжид олдида террористик ҳужум уюштирган жиноятчи умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди

Ўтган йили 19 июнь кунида Лондонда жойлашган масжид ёнида қасддан қотиллик қилишга уринган 48 яшар Даррен Осборн умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди.
Муддатдан аввал озодликка чиқиш учун у камида 43 йил қамоқда ўтириши лозим. Куни кеча Лондоннинг Вулвич туман суди Осборнни бир неча кишининг ҳаётига суиқасд қилишда айблади. Суд қарорида айтилишича, Осборн автоуловини хуфтон намозидан чиқаётган мусулмонларга қарата атайлаб ҳайдаб борган. Натижада ўн киши жарохатланди. “Қисқа вақт ичида миянгиз нотўғри мутаассиб ғоялар билан заҳарланиб сиз баъзи террорчилар қўллайдиган услублардан фойдаландингиз... Жиноятнинг оғирлигини инобатга олиб сизга 43 йил қамоқ жазосини ўташ тўғрисида ҳукм чиқараман”, деди судья. Тергов жараёнида 18 июнь кунидаги мусулмонлар намойишида Осборн “иложи борича кўпроқ одамларни” ўлдириш ниятида бўлганлиги аниқланди. Айбланувчининг иқрорига кўра, у шаҳар марказида ўтадиган тадбирда қатнашиши мумкин бўлган Лейборист партияси етакчиси Джереми Корбин ва Лондон ҳокими Содиқ Хонларни ҳам умрига зомин бўлмоқчи бўлган. Аммо марказий кўчалар ёпиқ бўлганлиги боис у шаҳар бўйлаб қурбонлар излай бошлайди ва шу аснода Лондон шимолидаги Финсбери парк ёнидаги масжидни ҳужум нишони этиб танлайди.