Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (7-қисм)

Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (7-қисм)

Эдуард ғазабдан қизариб кетди. Нафаси тиқилиб ўзини орқага ташлади ва ўтирган диванига суяниб пиқиллаб йиғлай бошлади. “Наҳот, инсон инсонни шу аҳволга солса? Наҳот, инсон шунчалик ваҳший бўла олади? Наҳот? Наҳот?..” Эдуард ўзига шу саволларни бериб дўсти ҳақида ўйлаб турган вақтда эшик қўнғироғи чалди.

У туриб эшикни очди. “Жаноб, яхшимисиз? Сизга кечки овқат тайёрладик” деди ходим унга ҳайрат билан термулиб. Шунда Эдуард: “Сиз қайси динга эътиқод қиласиз?” деб сўради ундан. У бироз ҳайратланиб турди-да, у ёқ-бу ёққа қараб “буддавийман” деди. Шунда Эдуард: “Раҳмат, мен овқатланмайман, қорним тўқ” дея эшикни ёпди ва жойига бориб ўтирди. Нималардир қилиш керак дегандек туриб ҳар тарафга юра бошлади. Музлатгични очиб идишдаги сувдан ичди. Чанқоғи босилмагандек бўлди. Сувнинг олдидаги идишда коняк турганди. Уни олиб очди-да, стол устидаги стаканга қуйди. Энди ичаётганида, ўқиш даврида дўсти Рашид билан овқатланишга киргани ёдига тушди.

Ўшанда овқатланиб бўлишгач, хизматкорга икки стакан коняк айттирганда, дўсти: “Мен коняк ичмайман, менга апелсин шарбати бўлақолсин”, деганди. Эдуард ундан: “Нимага?” деб сўраганда: “Мен мусулмонман, динимнинг кўрсатмаларида маст қилувчи ичимликлар ичиш мумкинмас”, деб жавоб берганди. Шунда Эдуард ҳам: “Унда менга ҳам апелсин шарбати келтиринг” деб коняк ичмаганди. Шу воқеани эслаши билан қўлидан стакан тушиб кетди ва чил-чил синди. Музлатгични такрор очган Эдуарднинг кўзи апелсин шарбатига тушди ва ундан стаканга қуйиб ича бошлади. “Бугун ҳам сен учун апелсин шарбати ичаман, дўстим”, деб пичилади у ва кўзлари ёшланди. Шарбатни ичиб бўлгач, яна блокнотни қўлига олди ва ўқий бошлади:

 “Эҳҳҳ дўстим Эдуард!!! Сен ўзгарган бўлишинг мумкин. Аммо сенда ҳақни тан олиш ва инсонни инсонлиги учун яхши кўриш хислатлари борлигини сезардим. Шу инсоний хислатларинг борлигига ишониб бу гапларимни сенгагина ёзишга қарор қилдим. Айт-чи, сен шу аҳволга тушсанг, нима қилардинг? Эртага катта эҳтимол билан шаҳид бўлишим мумкинлигини ўйласам, бу мактубим сенга қандай етиб бораркан, деган ҳақли савол тинчлик бермайди. Аммо нимадир мени ёзишга ундаяпти. Бизнинг динимизда ҳар қандай иш ҳам Аллоҳ томонидан бўлишига ишониш бор. Демак, менинг ёзишимни хоҳлаётган Аллоҳ бу мактубни ўз эгасига етиб боришини ҳам таъминлайди, деб ўйлайман. Мен то ўлгунимча уларга қарши жанг қиламан деб онт ичдим. Чунки дунё энди мени сиғдиролмайди. Қалбимдаги интиқом оташини сўндириш учун бутун дунё сувлари ҳам етмайди. Энди сенга беш кун олдин бўлган воқеани айтиб берай.

Мен бу ишларим билан йигирма беш кундан бери душманга оз бўлса-да зарба бериб келаётгандим. Шу давр мобайнида оилам, яъни аёлим, ўн беш ёшли қизим Ҳалима ва ўн ёшли ўғлим Муҳаммадлар ҳам мен билан бирга эдилар. Беш кун олдин улар яширинган жойимиздан хабар топиб келдилар. Йигитлар билан қўлимиздан келганча қаршилик кўрсатдик, аммо уларни тўхтатолмадик. Қочишга имкон топдик. Лекин улар оиламни қўлга олишди. Йигитларга қочиш буйруғини бердим ва ўзим аҳли аёлим олдига қайтдим. Улар бизни махсус жойга олиб бордилар. Олиб боргунча ҳам дунё кўрмаган азоб-уқубатларга дучор қилдилар. Ўзимни уриб сўкканлари майли, аммо хотиним, қизим ва ўғилимга қилган қийноқлари хотирамга шундай қаттиқ муҳрландики, жоним борича уларга қарши курашишга, қиёматда ҳам уларни азоблаш учун Раббимдан имкон сўрашга онт ичдим.

Бизни махсус жойга олиб боришгач, мени қимирлаёлмайдиган қилиб занжирбанд қилдилар. Уриб-уриб ҳолдан тойдиришди. Кейин умри бўйи бегонага билагини ҳам кўрсатмаган аёлимнинг кийимларини еча бошлашди. Аёлим уларга ҳар қанча қаршилик кўрсатмасин, фойдаси бўлмади. Жон-жаҳди билан бир аскарнинг қўлидаги пичоққа ёпишди ва уни олиб юрагига санчди. Буни кўрган аскарлар пичоқларини аёлимнинг ҳар тарафига тиқиб баданларини тилка пора қилиб ташлашди. Аёлим шу тарзда шаҳид бўлди. Қизимни эса тўрттаси ушлаб зўрлик қилишди. У маъсуманинг менга қараб зорланишини, отажон деб бақиришини эслаганда, дунёда интиқомсиз ҳаёт мен учун ҳаромлигини таъкидлаб, жойидан чиқиб кетай деб турган юрагимни зўрға ушлаб қоламан. Оловда қизиб турган пичоқларни қизалоғимнинг баданига босиб қийнашди. Мен эса қўлимдан ҳеч нарса келмай фақат: “Ҳой пасткаш ифлослар! Уларда нима айб? Қўйиб юбор уни, қўрқоқ. Мана, мени азобла қанчалик азозбласанглар, ҳайвондан тарқаганлар!” деб бақирардим, йиғлардим. Қизимни темир ва пичоқлар билан куйдириб кўз олдимда ўлдирдилар, у ҳам шаҳид бўлди. Муҳаммадим, оҳҳ Муҳаммадим! Ўғлим Муҳаммадни бир уриб ерга йиқитган аскар устидан босиб ўтди. Ўша ҳарбийлар этиги билан ўн ёшли боланинг бошини ҳам босди. “Отажон, мени қутқаринг, дадажон, илтимос!” деб чинқираётган болам бошидан қаттиқ тепки егач, овози чиқмай қолди. Мен ҳам ҳушимдан кетиб қолдим. Бетимга сув уриб ўзимга келтиришди. Қарасам, боя жимиб қолган болам яна қичқириб йиғлаяпти. Бечора ўғлимаа! Мен ота бўлиб уларни ҳимоя қилолмадим, Эдуард. Ўғлимни яланғоч қилиб қайнаб турган сувга тиқиб олишарди. Жоним чиққудек бақирдим, аммо қўлимдан бошқа ҳеч иш келмади. Қайноқ сув тасиридан қавариб чиққан баданини пичоқ билан кесиб: “Анча пишиб қолибди”, деб кулишарди. Болам эса ҳушини йўқотганди. Уни ҳушига келтиришга бир икки уринишди. Ҳушига келмайвергач, оёқлари билан тепиб-тепиб оловга тиқиб юборишди. Бироз куйгач, бир қимирлаб: “Дадажон” деди ва шу билан овози чиқмади. Мен яна ҳушимни йўқотдим”.

 

Давоми бор...

 

 

back to top