Саудия Арабистони Исроилга авиарейслар учун рухсат берди

Саудия Арабистони сўнгги 70 йилда биринчи марта Исроилга кетаётган авиарейсларга ўз чегарасини кесиб ўтиш учун рухсат бермоқда.
Қироллик ҳукуматининг ушбу қарори март ойидан кучга киради, шунда Ҳиндистон пойтахти Нью-Делидан Тел-Авивга учаётган Air India авиакомпаниясининг рейслари вақти йўл яқинлашгани муносабати билан 2,5 соатга қисқаради.
Саудия ҳукумати сўнгги 70 йил давомида Исроилга учаётган самолётларнинг ўз ҳудудидан ўтишига тақиқ қўйиб келмоқда эди. Хусусий самолётлар Саудия аэропортларидан Исроилга бемалол учиб бориши мумкин бўлса ҳам, буни айланма йўл билан амалга оширишлари керак эди, яъни аввал Уммонга қўниб, у ердан Тел-Авивга училарди.
Тахминларга кўра, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан муносабатларни яхшилаш учун шундай қарор берилган. Маълумки, сўнгги вақтларда Модининг ҳудуддаги нуфузи ва жараёнларга таъсири ошиб бормоқда. 10 феврал куни Модининг Ғарбий қирғоққа келиши кутилмоқда, ўтган йил эса у Ҳиндистоннинг Исроилга расмий ташриф буюрган биринчи бош вазири бўлди, деб хабар беради Аl Jazeera.
Саудия Арабистони ҳаво майдонининг Исроилга учаётган самолётлар учун очилиши бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда маълум илиқликлар юзага келаётганини ҳам кўрсатади. Қатар университети доценти Маҳжуб Зувайрининг фикрича, Саудия Арабистонидаги сиёсий ўзгаришлар қиролликнинг Тел-Авив билан очиқроқ муносабатлар ўрнатишига олиб келди.