15 дақиқа ортга назар

15 дақиқа ортга назар

Буюк ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Қуръони Карим мусобақалари ўтказилмоқда. Оилалари билан қатнашаётганларни эшитиб жуда ҳавасим келди. Бу тадбир мени ҳам шу мусобақаларда аҳли оилам билан ўрин олмасакда иштирок этиб, динимиз ва мамлакатимиз учун ўзимизнинг кичик бир ҳиссамизни қўшишни ният қилдим...

Мен юртимизнинг чекка бир ҳудудидаги йирик қурилишда ҳорижий компанияда ишлайман, компаниямиз раҳбарияти бизга ибодат қилишимиз учун ишхонамизда ҳам, яшаш шаҳарчамизда ҳам шароит яратиб берган, аллоҳ улардан рози бўлсин.

Иш вақтимиз жудаям эрта бошланади шунинг учун бомдод намозини ишхонамизда махсус ажратилган хонада (биз учун у ер масжид) ўқиймиз. Ҳар доимгидек бугун ҳам автобусда шаҳарчадан офисимизга кетаётиб беиҳтиёр ўйга толдим. 15 дақиқалик йўлда бутун умрим кўзим олдидан ўтди.

Болалигимизда оила даврасида ўтирганимизда, дадам оҳисталик билан бундай деган эдилар: Болаларим мана катта бўлаяпсизлар, улғаяпсизлар мен истардимки намоз ўқишни ўрганишни ва ўқишни бошласангиз. Ҳадемай намоз ўқиш фарз бўлган ёшга етасизлар ўшанда мен сизлардан талаб қиламан дедилар.

Укаларим, сингилларим дарҳол ўрганишга киришдилар дадам уларга ўргатдилар жуда тез ўрганиб олишди ҳайрон қолдим...

Менчи, мен ўзимни ўйим, ўйинларим билан юравердим ва ниҳоят ўша кун келди. Дадам мендан сўрадилар.

- Ўғлим намоз ўқишни ўргандингизми?

- Менга бу гап ёқмади йўқ ҳали дедим.

- Қачон ўқишни ўрганасиз деб тағин сўрадилар

- Мен болаларча қачон менга худо “инсоф” берса ўқийман дедим.

      Билмайман бу гап, мурғак боланинг ҳаёлига қаердан келди. Нега у бу сўзни тўғри деб дадасига айтяпти? Энг қизиғи бу бола бу сўзни қаердан эшитган?  Менимча у,  ота-онаси дуо қилаётганида ёнида бўлган, бобоси момоси тоғалари узундан узоқ дуолари орасида “...ё оллоҳим ўзинг бандаларингга ҳидоят ва инсоф-тавфиқ бергин”  деган жумлаларни, эшитиб катта бўлганда.

- Дадам: кўзларимга қараб туриб ўғлим ҳозир инсофингиз йўқми дедилар.

Бу гап менга шунчалик қаттиқ таъсир қилдики, қалбимда энди қурилаётган қора бир қўрғон парчаланиб кетгандек бўлди гўё.  Ўша пайтда нималарни ҳис қилганимни ўзим билмайман лекин намозга ҳайриҳоҳлик пайдо бўлдими жим бўлиб бир сўз деёлмай қолдим. Дадам буни сезганлар. Қўлимга “Мен ҳам намоз ўқийман” деган китобни тутқаздилар ва тушунмасангиз укаларингиздан, сингилларингиздан сўраб ўрганинг дедилар. Эртага ишдан келганимдан сўнг бирга намоз ўқишимизни айтдилар.

            Эртаси кун. Мактабдан келибоқ, таҳорат қилишни ўргандим. Дадамнинг таҳорат олишларини кўзимнинг олдига келтирдим. Айниқса тирсакларидан сувни югуртириб юборишларига ва масҳ тортишларига ҳавас қилиб юрардим, ўшаларни мен ҳам такрорладим.

Ниҳоят мен учун энг қийин жойи Намозда ўқиладиган сураларни ёдлаш ва азон айтишни ўрганиш эди. Қўлимдаги китоб шунақа эдики суралар ўзбек тилида ёзилган эди.

Азон айтишни ўқидим:

Аллоҳу акбар!

Аллоҳу акбар!

Аллоҳу акбар!

Аллоҳу акбар!

Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ!

Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ!

...

 

... бир маротабагина тўлиқ ўқидим. Ажиб туйғу, ҳаёлимда худдики буни китобга қарамасдан ҳам айта оладигандекман. Кейин сураларни ўқишни бошладим. Энг буюк сура Қуръони Каримни бош сураси, Фотиҳа сурасини ўқидим.

Ия, буниям биларканманку деб юбордим.

Зам суралар Кавсар сураси, Ихлос сураси, Фалақ сураси, Ан-нос сураси...

Шунда мен учун жуда катта нарса юз берди қалбимга иймон нурлари кираётгандек эди. Ўзимга ўзим савол бераман мен буларни қаердан биламан. Нима учун бир ўқишимда ёдлаб олаяпман!? Мен ҳаммасини биларканманку деб ич-ичимдан болаларча севиняпман. Ростдан ҳам қандай қилиб бир ўқишда ёдлаб олиш мумкин, ахир мактабда уйга вазифа қилиб берилган шеърларни ҳафталаб қийналиб зўрға ёд олардимку!?

Ёшим улғайиб билдим нимагалигини.

Ахир падари бузрукворимиз ва меҳрибон онажоним ширин уйқуда ётганимизда Бомдод намозига туришиб азон айтиб фарзларини овоз чиқариб ўқимаганмидилар? Ўша пайтда бизнинг вужудумиз ухлагани билан қулоқларимиз эшитиб миямизга ёзиб ётган эканда...

Пешин ва Аср намозларини қандай ўқишганини кўриб катта бўлдикку.

Кечки овқатни Шомдан кейин танаввул қилганмиз, бу пайтда оиламиз дастурхон атрофида йиғилганмиз. Ота-онамизни намоз ўқишаётганини кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитиб, бу ҳаракатлар ва оҳангларни хотирамизга муҳрлаган.

Аллоҳ таъолога Қуръони Каримни гўдаклигимиздан эшиттиргани учун, ва бунга ота-онамизни сабабчи қилгани учун беҳисоб ҳамду санолар бўлсин!

Ота-онам бахтли инсонлар экан. Бир оила бир жамоат бўлиб намоз ўқирдик ўрганган янги сураларимизни оила даврасида айтиб берардик. Ўша пайтлар энг гўзал энг чиройли пайтлар бўлган экан. Аллоҳим бизни шундан чиройли нарсаларни кўриб эшитиб катта бўлганимиз учун ўзингга ҳамду санолар бўлсин

Юртимизда ўтказилаётган бу каби мусобақалар янаям кенгроқ тарзда ўтишини ва фарзандларимиз шуларни кўриб эшитиб катта бўлишикларини оллоҳдан сўрайман ва буни чин дилдан хоҳлайман.

Кейинги Қуръони Карим мусобақаларида вилоятимиз номидан ака-ука сингилларимиз ҳамда аҳли оиламиз билан иштирок этишни ҳамма қатори бизларга ҳам Аллоҳ насиб этсин.

 

Аллоҳим қалбларимизни доим иймон нурлари билан тўлдириб тургин токи фарзандларимизни қалбларимиз иймон нурларига тўлган ҳолда тарбия қилайлик.

Зеро, фарзандларимиз бахтли яшашни ота-онасидан ўрганишсин...

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳу

 

Усанов Жаҳонгирхон Абдуғафурхон ўғли

back to top