Ибрат бўлдинг болакай...

Малайзиялик 11 ёшли Раден Набил исмли болакай мактабдаги дарслари тугаганидан сўнг ҳар куни отасининг олдига ошиқади. Боиси, отаси бундан уч йил муқаддам автофалокат туфайли тўшакка михланган, қимирламай ётишга маҳкум.
Раден уч йилдан бери ҳар куни отасининг олдига келиб, азон айтади, Қуръони карим тиловат қилади, кўзида ёш ила Аллоҳдан шифо сўраб дуо қилади.
«Отам билан масжидга борган, бирга намоз ўқиган кунларимизни роса соғиндим. Отам тузалиб кетмагунларича ҳар куни ёнларига келиб, дуо қилавераман», дейди Раден Набил.
Болакай ҳар бир мўмин-мусулмондан отасининг ҳаққига шифо сўраб дуо қилишингизни илтимос қилади.
Тафаккур, шукр қилинг, ибрат олинг, азизлар! Бугун дунёда неча минглаб фарзандлар соғ-саломат ота-онасининг қадрига етмай, қариялар уйига ташлаб кетмоқда.
Дуо қилинг! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси мустажобдир. Унинг боши устида бир фаришта туради, қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: «Омийн, ўзингга ҳам шундай бўлсин», деб туради (Имом Муслим ривояти).
Тўшакка михланиб қолган минглаб беморлар, бошига мусибат тушганлар СИЗнинг дуоингизга муҳтож, биродар!
Марҳамат, қуйида Раден Набил отасини қандай зиёрат қилганини томоша қилинг.
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати