Озарбайжонда Диншунослик институти ташкил этилади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев жума куни Диншунослик институтини ташкил этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
Давлат раҳбарининг сайтида эълон қилинган фармонга кўра, Диншунослик институти Баку Давлат университети (БДУ) таркибига киради, шу билан бирга, у Диний тузилмалар билан ишлаш давлат қўмитасига бўйсунади.
Институтни ташкил этишдан асосий мақсад «диний соҳада юқори малакали кадрларни тайёрлаш»дир. Фармонда Диний тузилмалар билан ишлаш давлат қўмитасига икки ой ичида Институтнинг уставини тасдиқлаш вазифаси топширилган. Вазирлар маҳкамаси эса Институтни бино билан таъминлаш, шунингдек, уни молиялаштириш ва техник таъминлаш масалаларини ҳал этиши керак.