Қизил Ярим ой жамиятига аъзо суриялик халқаро мукофот олди
Сурия араб республикаси Қизил Ярим ой жамияти ходими Холид Рабиҳ Фаластин православ жамияти (ФПЖ)нинг биринчи халқаро ёшлар мукофоти совриндори бўлди.
Мукофотни топшириш тантаналари сешанба куни Москва яқинидаги Барвиха шаҳарчасида бўлиб ўтди.
ФПЖнинг ушбу мукофоти сурияликка «Ҳарбий зиддиятлар ҳудудида тинч аҳолини қутқариш ва уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш» номинацияси бўйича топширилди, деб ёзади «РИА Новости».
«Холид Рабиҳ Суриянинг омон қолиши ва оёққа туриши учун еттти йилдан бери жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб келаётган кўплаб сурияликларнинг тимсолидир. Бугун ушбу ажойиб, бир замонлар жуда гўзал бўлган ўлка, цивилизациялар ва маданиятлар маркази вайронага айланди… Сурияда қийналаётган одамларга жонини гаровга қўйиб бўлса ҳам ёрдам беришга тайёр шундай ёшлар борлиги қувонарли», деди мукофотни топшириш пайти ФПЖ раиси Елена Агапова.
27 яшар Холид Рабиҳ сўнгги етти йил мобайнида Суриянинг бориш энг қийин бўлган ва жангарилар жойлашиб олган ҳудудларига инсонпарварлик ёрдамларини кузатиб олиб боради. У бир неча бор инсонларни вайроналар остидан қутқариб олган, аёллар ва болаларни террорчилар назоратидаги ҳудудлардан эсон-омон олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Фото: © AP Photo



