Ўзбекистон ва Туркия Сурияда жанг қилаётган жангариларни тутиш масаласида ҳамкорлик қилади
ankasam.org
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармасида Интерполнинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси бошлиғи Лутфи Чичек бошчилигидаги Туркия делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ў. Муродов, Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси бошлиғи, полковник Р. Исроилов, шунингдек, вазирликнинг бир қатор масъул ходимлари қатнашди.
Учрашувда қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, жанговар ҳаракатлар давом этиб келаётган Сурия ва Ироқ давлатларида терррорчилик гуруҳлари томонида туриб жанг қилган ва жанг қилиб келаётганларнинг шахсини аниқлаш, давлат чегарасини кесиб ўтмасларидан аввал уларга нисбатан халқаро қидирув эълон қилиб, қўлга олиш жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Интерпол ходимлари зиммасига юклатилган муҳим вазифа экани таъкидланди. Муваффақиятли махсус операциялар жараёнида жангариларнинг кўп қисми йўқ қилинди, айримлари қўлга олинди. Бироқ ҳали-ҳануз дунёнинг турли давлатларида яшириниб, янги экстремистик ҳужумларга тайёрланиб, озодликда юрганлари ҳам бор. Шунинг учун уларни излаб топиб, қўлга олишда бор куч ва имкониятни бирлаштириш, доимий равишда ўзаро ахборот алмашиш, аксилтеррор йўналишда ҳамкорликдаги тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш лозим.
Ўзаро мулоқот давомида ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Манба: mvd.uz



