Эрон президенти Қуддус борасида АҚШни танқид қилди
kaspiy.az
Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмуриятини Қуддус шаҳрини Исроил давлатининг пойтахти сифатида тан олганини танқид қилди. Эрон раҳбари мусулмонларни Қуддус масаласида Фаластин халқини қўллаб-қувватлашга даъват қилди.
Ҳиндистон жанубида жойлашган Ҳайдаробод шаҳрининг “Макка” номли масжидида жума куни сўзлаган Ҳасан Руҳоний олтита мусулмон давлати фуқароларининг АҚШ ҳудудига кириши АҚШ президенти томонидан ман этилганини ҳам танқид остига олди.
Эрон етакчиси сунний ва шиа мазҳабидаги мусулмонларни бирликка чақирди.
Ҳасан Руҳоний Ғарб давлатлари Ироқ ва Сурияда зўравонликлар келтириб чиқаргунига қадар сунний ва шиа мазҳабидаги мусулмонлар ҳамда бошқа миллатлар вакилари у ерда асрлар давомида тинч-тотув ҳаёт кечирганларини алоҳида таъкидлади. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний шанба куни Ню Деҳлида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.



