Қуръон маънолари таржимаси украин тилида чоп этилди
Украинада Қуръон маънолари таржимаси илк бор украин тилида чоп этилди. Gazeta.ua нашри хабарига кўра, китоб 993 саҳифадан иборат бўлиб, унда Қуръон оятлари билан бирга украин тилидаги маънолари таржимаси берилган.
Қуръон маънолари таржимаси муаллифи “Острожская академияси” миллий университет ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Михаил Якубовичдир.
Интернет нашрида билдирилишича, украин тилидаги Қуръон маънолари таржимаси биринчи марта 2012 йил 19 феврал куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида чоп этилган.
Китобни қайта нашр этиш тўғрисидаги қарорни Қирол Фаҳд номидаги марказнинг махсус комиссияси мутахассислари қабул қилган. Якубовичга кўра, комиссия аъзолари Қуръон маъноларининг украин тилидаги таржимаси Қуръонни тафсир қилиш талабларига тўлиқ жавоб беришини тасдиқлаганлар. Қарийб минг саҳифадан иборат бўлган мазкур китоб устидаги иш аслида 2010 йилда тугалланган бўлиб, махсус комиссия уни чоп этишга рухсат берган.
Хабарга кўра, Қуръон маънолари таржимасининг украин тилидаги электрон кўриниши 2013 йилда оммага тақдим этилган.



