Мадрид – арабча ном

esmadrid.com esmadrid.com

Мадрид жоме черковини жанубдан айланиб ўтсангиз, кўзга кўринмас кўча сизни шаҳарнинг қадимий обидаси – биринчи қалъа деворига олиб чиқади. Яқинидаги кўчаларида бирорта ҳам кўрсаткичлар йўқ, саволларингизга атрофдагилардан қониқарли жавоб олишингиз ҳам мушкул.

Шу сабабли биз бу иншоотни анча излаб, беҳисоб зиналарадан кўтарилардик ва тушардик. Ва ниҳоят, кутилмаганда Амир Муҳаммад I яратган боғнинг темир тўсиғига дуч келдик. Бу ердаги Мадрид асосчисининг номи туширилган ёзув биз излаётган жой яқин атрофда эканидан далолат берарди.

Айнан шу боғда араб мудофаа деворининг қолдиқлари сақланган бўлиб, у IX асрда Мансарес дарёси устидаги қалъа атрофига қурилган эди. Унинг ўрнида ҳозир Қирол саройи жойлашган. 932 йил Леон Ромеро II томонидан шаҳар босиб олинганда, деворнинг бир қисми бузиб ташланган, ўшанда у ўзи билан жуда кўп одамларни қул қилиб олиб кетган эди. Кейинчалик бузилган жойлари халифа Абдурраҳмон ибн Муҳаммаднинг буйруғи билан қайта тикланган.

Деворнинг жами узунлиги 1 км атрофида. Унинг ўша давр Ислом меъморчилигига хос 3 та дарвозаси ва бир нечта мудофаа миноралари бўлган. Қазилмалар натижасида кўплаб майдон ва бинолар остидан шаҳар мудофаасининг қолдиқлари топилган. 1954 йили араб деворининг яхши сақланиб қолган қисми тарихий ва бадиий ёдгорлик деб эълон қилинади. Ҳимоя остидаги майдон узунлиги 120 м, баландлиги 11,5 м ва эни 2,6 метрни ташкил этади. Деворни боғлаб турувчи ва Суваклар минораси деб номланган мудофаа минораларидан бирининг бўлагини бугунги кунда Қирол саройи рўпарасидаги машҳур Шарқий майдоннинг ер остидаги машиналар тўхташ жойида ойна ортидан кўриш мумкин.

Аммо Мадрид аҳолисига шаҳарнинг мусулмон ўтмишини нафақат мудофаа девори эслатиб туради. Олдин маврлар ва мувалладлар, кейин эса мудехорлар ва морисклар испанларнинг маданияти, тили ҳамда урф-одатларида ўчмас из қолдиришган. Ҳаттоки, муқаддас биби (дева) жоме черкови ҳам арабча ном олган бўлиб, Ал-мудейн яъни “шаҳарча” деган маънони англатади. 1083 йилда шаҳар босиб олингач, араб қалъасининг деворида Биби Марям ҳайкалчаси топиб олинган экан – кастильяликлар бир неча бор шундай йўл билан ўзларининг “муқаддас” юришларини оқлашган.

Мадрид сўзи ҳам бошқа испан шаҳарларидай араб тилидан келиб чиққан. Мадинесели шаҳри (Мадинаи Салим) ўз номини барбарлардан бири бўлган масмуд қабиласи – бану салимдан олган, Гвадалаҳара – араб тилидаги “вади ул-ҳижара” сўзидан келиб чиққан бўлиб, тошлар водийси дегани. Калатюд номи “калъа ал-Аййуб”, яъни Айюб қалъаси дегани, Альбасете эса “ал-босит”, яъни оддий деган маънони билдиради.

Маврлар яшаган шаҳарларга араб истилосига қадар юнонликлар, румликлар ва вестготлар асос солишган. Лекин мусулмонлар ҳам чегараларни ҳимоялаш мақсадида бир қанча шаҳарларга асос солишган. Мадрид шулар сирасидан бўлиб, аввалига Андалусиянинг энг муҳим шаҳарларидан бири бўлган Толедони шимол тарафдан ҳимоялаш мақсадида унга асос солинган.

Мадрид номининг келиб чиқиши ҳақида бир қанча тахминлар бор. Тарихчи Хайсе Оливер Асин бу мавзу юзасидан 400 варақли фундаментал изланишлар олиб борган ва қуйидаги хулосага келган: унинг айтишича, бу ном арабча “мажра” сўзидан олинган бўлиб, оқим, ўзан деган маънони англатади, кейин унга кўплик маъносини билдирувчи “ат” қўшимчаси қўшилган.

Мадрид атрофлари ҳақиқатдан ҳам ер ости сувларига бой эканлигини ҳисобга олсак, бу фикрда жон бор дейиш мумкин. Кейинчалик шаҳарни “Мажрит” деб аташни бошлашади ва шундай ном билан X аср араб манбаларида қайд этилади.

Шунингдек “ит” қўшимчаси, Толетум ва Оретум шаҳарларидаги каби, лотинча etum дан келиб чиққан деган тахминлар ҳам бор. Бу тахмин тарафдори Комплутенсе Университети профессори Мария Хесус Вугерадир.

Профессор Муҳаммад ал-Фасий марокашлик давлат арбоби ва саёҳатчи Ибн Усмон ал-Макнасийнинг “Ал-иксир фи фиқоқ ал-асир” деб номланган илмий ишига берган шарҳида Мадрид ўз номини барбар қабилаларидан бири, Шимолий Африкадан Периней ярим оролига кўчиб ўтган бану мажритдан олган дейди.

Бошқа тадқиқотчилар шаҳар номини келтлардан келиб чиққан дейишади. Нима бўлган тақдирда ҳам, ёзма манбаларда шаҳар Кордованинг бешинчи амири Муҳаммад ибн Абдурраҳмон (238/852 – 273/886) даврида пайдо бўлгани айтилади. Ўша даврда араблар томонидан каталониянинг кичик шаҳри Таламанкага ҳам асос солинади.

Вақт ўтиб Мадрид ўзини фақатгина мудофаа қилувчи шаҳар вазифасидан анча ўсди. Мусулмон Мадридини Андалусиянинг жавоҳирлари ҳисобланган Кордова, Севиля ёки Гранадалар билан таққослашнинг ҳожати бўлмаса ҳам, у дунёга бир қанча машҳур инсонларни берган. Бу ерда таниқли астроном, математик, кимёгар Абулқосим Маслама ибн Аҳмад (398/1007 йили вафот этган), машҳур уламо ва қози Абул-Аббос Яҳё ибн Абдураҳмон (541/1146 йили вафот этган)лар дунёга келишган келишган.

Машҳур географ Яқут ал-Ҳамавий (622/1225 йили вафот этган), Мадридда ёзувчи Ҳорун ибн Мусо ал-Қайсий (401/1011 йили вафот этган) ва уламо Саид ибн Салим ас-Сағрий (376/986 йили вафот этган)лар дунёга келишган, деб таъкидлаган.

Мадриднинг яшнаш даврлари Габсбурглар ва Бурбонлар даврига тўғри келади. Аммо тарих бу шаҳарни Ислом цивилазицияси билан қаттиқ боғлайди ва уни ҳар бир мусулмонга яқин қилади. Бугунги кунга келиб араб девори мусулмон Андалусияси билан насроний Европасини ажратмайди, аксинча Шарқ ва Ғарбни ўзаро яқинлаштириб турувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг деярли вайронага айланган миноралари жаҳон цивилизациясининг пештоқига  айланган. Уларнинг сайёҳлар кўзидан паналигига сабаб эса лоқайдлигимиз туфайли бу обидаларнинг асл қадр-қийматини билмаётганлигимиздир.

 

Санжар Қобил таржимаси

back to top