Мусулмон давлатлар меҳнат миграцияси муаммосини муҳокама қилмоқда
aawsat.com
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 57 мусулмон давлатнинг Меҳнат вазирлари меҳнат муҳожирларининг қонуний миграцияси муаммосини муҳокама қилмоқда.
Афғонистоннинг Меҳнат, ижтимоий масалалар, шаҳидлар ва ногиронлар масалалари бўйича вазири Файзулла Заки ғарб ахборот агентликларига, 21 феврал куни иш бошлаган икки кунлик анжуман, меҳнат муҳожирлари борасида мусулмон давлатлар ўртасида олиб борилаётган музокараларнинг тўртинчи давраси эканини маълум қилди.
Закига кўра, учрашувдан кўзланган мақсад меҳнат муҳожирлари борасида муштарак стратегия ишлаб чиқишдан иборат.
Мазкур анжуман қатор мусулмон давлатларда, жумладан, Афғонистонда ҳам ишсизлар сони ошиб бораётган, айни пайтда, Саудия Арабистони, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда ишчи кучи етишмаётган бир пайтда ўтказилмоқда.
Афғонистон кўп йиллардан бери меҳнат муҳожирларини хорижга ишга жўнатиш хусусида қатор араб давлатлари билан музокаралар олиб борганига қарамай, шу кунгача келишувга эришгани йўқ. Файзулла Заки бу гал Жиддада ўтаётган саммитда афғонистонлик меҳнат муҳожирларини хорижга ишга жўнатиш борасида шартнома имзоланишига умид билдирди.
Жаҳон банки эълон қилган сўнгги ҳисоботида Афғонистон ҳукуматига ишсизлик муаммосини ҳал этишда хориж давлатлари, айниқса, Форс Кўрфазида жойлашган араб мамлакатлари билан музокаралар олиб боришни тавсия қилган. Жаҳон банки ҳужжатида Туркия ва Кувайт Афғонистон учун энг мақбул мамлакат экани билдирилган.



