Малайзия: Таҳфиз мактабларида Қуръондан бошқа фанлар ҳам ўқитиладиган бўлди
rozitaibrahim.com
Малайзия ҳукумати таҳфиз, яъни, фақат Қуръони Карим ёд олинадиган мактабларда талабаларга дунёвий фанларни ҳам ўқитмоқчи. Буни Малайзия Бош вазири ўринбосари Аҳмад Зоҳид Ҳамидий маълум қилди.
Вазир ўринбосари ҳукумат қабул қилган қарорни, ҳозирда таҳфиз мактабларини тугатган талабаларга ўрта мактабни битирганлик ҳақида дипломлар берилмаслиги билан изоҳлади. Унга кўра, шу сабаб таҳфиз мактаби битирувчилари олий ўқув юртида ўқишни давом эттира олмайди. Агар таҳфиз мактабларида дунёвий фанлар ҳам ўқитилса, талабалар ўрта мактаб дипломини олиб, олий ўқув юртларида билим олишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Straitstimes.com нашрига кўра, ҳозир Малайзияда расман фаолият юритиб келаётган қарийб 600 та таҳфиз мактабида 36 мингдан зиёд талаба ўқийди. Расмийларга кўра, ҳукуматдан лицензия олмай фаолият юритаётган 600дан ортиқ таҳфиз мактабларида эса ундан ҳам кўп талаба бор.
Таҳфиз мактабларининг ҳар бири ўзининг ўқув дастурига эга. Талабалар дарсларда Қуръон ёдлашдан ташқари диний мавзудаги яна бир нечта фанни ўқийди холос. Улар математика, физика, информатика каби бошқа фанларни ўқимайди.
Таҳфиз мактабини тугатганларнинг бир қисми исломий фанлар ўқитувчиси ёки масжид ходимлари бўлиб ишлайди. Қолганлари майда тадбиркорлик билан шуғулланиб, кейинчалик ўзларининг таҳфиз мактабларини очадилар.
Нашрга кўра, таҳфиз мактабларида талабаларни ўқитиш Малайзиядаги мадрасалар ўқув тизимидан тубдан фарқ қилади. Айрим мадрасалар ҳукумат томонидан молиялаштирилгани боис талабаларга ўрта мактабни битирганлик ҳақида диплом берилади. Мадрасани битириш учун талабалардан муқаддас Қуръонни тўла ёд олиш талаб этилмайди.



