Ўзбекистонда туризм уйғониши кутилмоқда

Ўзбекистонга келган Туркия фуқаролари сони 47 мингга етди.
Ўзбекистонда етти давлат, жумладан, Туркия фуқароларига нисбатан ҳам, 30 кунга жорий қилинган визасизлик ҳолати туризмнинг ривожланишига олиб келиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати туризм соҳасидаги аҳволни яхшилаш учун қатор чораларни қўллади. Жумладан, 10 февраль кунидан бошлаб 30 кун муддатга етти давлат фуқароларига нисбатан визасизлик ҳолати амал қила бошлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати 39 мамлакат фуқаролари учун соддалаштирилган виза тизимини жорий қилди, бу ҳам туризм ширкатларига сайёҳлар сони ортишидан умидвор бўлишлари учун асос беради.
Туркиянинг нуфузли «Анадолу» ахборот агентлиги Тошкентдаги Туркия элчихонасининг туризм ва маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Жасим Чалабийга таяниб маълумот беришича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган ушбу қарор мамлакат туризми тараққиётига ижобий таъсир қилади. Маслаҳатчи қатор давлатлар, жумладан, Туркия билан визасизлик ҳолатининг жорий этилиши маклакатлараро алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам катта ҳисса қўшишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, 2017 йилда Туркияга борган ўзбекистонлик фуқаролар сони 2016 йилга нибатан 46 фоизга ўзган. Айни пайтда, Ўзбекистонга келган туркияликлар сони ҳам 47 минг кишига етган.