Британиялик имом: "Олтин силсила" китобини инглиз тилига ҳам таржима қилиш керак.

Британиялик имом: "Олтин силсила" китобини инглиз тилига ҳам таржима қилиш керак. Буни фақат ўзбеклар қила олади. Бу ҳақда Ziyo Studiyasi ёзмоқда.
Жорий йилнинг 1 март санасида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасидаги тадбирда ушбу мамлакатнинг йирик сиёсат арбоби, Парламентнинг Лордлар палатаси вакили лорд Муҳаммад Илтаф Шайх бошчилигида кўҳна қитъадаги нақшбандийлик тариқати вакиллари, уламолар, туристик компания мутасаддилари қатнашди. Учрашувда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ҳалол стандартнинг жорий этилгани, юртимиздаги табаррук манзилларда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар хусусида маълумот берилди. “Ўзбекистон – ислом маданияти жавоҳири” мавзусидаги тақдимот ва фильм намойиши бўлиб ўтди.
Лондонлик имом Муҳаммад Саид: “Мен жуда кўп мусулмон юртларида, тарихий шаҳарларда бўлганман. Ҳеч қандай муболағасиз айтмоқчиман, Ўзбекистон ҳақидаги филмни томоша қилиб, юртингизга маҳлиё бўлдим. Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб билдирган ташаббусларини эшитдик. Бу – ҳозирги мураккаб давр учун ғоят муҳим таклифлар. Экстремизм, радикализмга қарши курашда исломинг асл манбалари – Имом Бухорий ҳадислари, Насафий тафсирларига мурожаат қилиш керак. Ўйлайманки, ислом маданиятини тушунмоқчи бўлганларни Ўзбекистонга олиб бориш зарур. Улар исломнинг ҳақиқий моҳиятини шу ерда кўрадилар. Мени Ўзбекистонда нашр этилган Имом Бухорий ҳадислари тўплами – “Олтин силсила” китоби жуда ҳам қизиқтирди. Бугунги кунда нафақат Европада, балки бошқа минтақаларда ҳам ҳадисларни турлича таржима қилиш ва шарҳлаш ҳаракатлари кузатилаётганини ҳисобга олсак, бу ишни амалга оширишга исломнинг мўътадил, асл ғоялари тарқалган юрт, Имом Бухорийнинг чин ворислари биринчи галда ҳақли деб ҳисоблайман”.
Мулоқотлар самимий ва дўстона руҳда кечди. Иштирокчилар бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш, Британия жамоатчилиги учун Ўзбекистон ҳақида махсус кўргазмалар ташкил этиш таклифини билдирдилар.
Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга сафари давом этмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати