Россия: Сбербанк Исломий банк тизимини жорий қилмоқчи

Россия Федерациясидаги энг йирик банк - Сбербанк биринчи марта Исломий қоидалар асосида аҳоли маблағларини қабул қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Правда нашри хабарига кўра, мазкур лойиҳа Россиянинг Татаристон, Чеченистон ва Бошқирдистон Республикаларида амалга оширилади.
Сбербанк Бошқарув кенгаши раиси ўринбосарининг маслаҳатчиси Баҳром Қурбонзода яқинда илк бор ўтказилган Россия - Исломий иқтисодиёт форумида аҳоли жамғармаларини Исломий қоидалар асосида банк қабул қилиши лойиҳаси жорий йил охирига қадар амалга ошишига келишиб олинганини билдирди.
Лойиҳада мусулмон мижозлар учун махсус пластик карточкалар жорий этилиши мўлжалланган. Исломий банк тизимида берилган қарзлар учун даромад фоизи олинмайди ҳамда турли молиявий фирибгарликларга йўл қўйилмайди. Шунингдек, одамлар сақлаш учун банкка қўйган маблағларига фоиз қўшиб берилмайди. Айни маблағ давлат томонидан белгиланган инфляция фоизларидан ҳам фориғдир.