Москванинг ишлари араб давлатларига салбий таъсир кўрсатмоқда
Клуб «Валдай
Қатарда Москванинг Яқин Шарқдаги сиёсати муҳокама қилинди.
Россиянинг ушбу ҳудуддаги хатти-ҳаракатлари араб давлатларига салбий таъсир кўрсатмоқда, деди доцент Иброҳим Фрайҳат Дохада бўлиб ўтган «Россиянинг Яқин Шарқдаги сиёсати: тинчликни қўллашми ё уруш бошлаш?» мавзусидаги симпозиумда.
Симпозиум Дохадаги Олий иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти томонидан Москва олий иқтисодиёт мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди. Фрайҳатнинг сўзларига кўра, араб давлатларида яшовчилар Россияни Сурияда Башар Асад режимини, Мисрда Абдулфаттоҳ ас-Сисийни ва Ливияда генерал Халифа Хафтарни қўлловчи салтанат сифатида кўрадилар.
«Москванинг сиёсати ҳудуддаги жараёнларни янада мураккаблаштириб, чигаллаштириб юборяпти», деди Фрайҳат.
Олимнинг сўзларига кўра, Москва зиддиятларда ҳеч бир томонни қўллаб-қувватламаслиги, аксинча, араб давлатларидаги муаммоларни ҳал қилишга комплекс ёндашиши лозим.
Ўз навбатида, Араб сиёсий тадқиқотлари маркази бош директори Муҳаммад ал-Мисрий ижтимоий сўровномаларга эътиборни тортди. Уларнинг натижаларига кўра, сўралганларнинг катта қисми Россиянинг ҳудуддаги хатти-ҳаракатларини қоралаган.
«Сўровномалардан маълум бўлишича, сўнгги беш йилда арабларнинг Москвага муносабати уларнинг АҚШ сиёсатига 1948 йилдан кейинги муносабатига ўхшаш ҳолатга келган, яъни ўта салбийдир», деди ал-Мисрий.



