Африкада Эрдўғонга кутилмаган совға
Yeni Şafak
Сенегалдаги болалар уйларидан бирининг тарбияланувчилари ўтган ҳафта Дакарга амалий ташриф буюрган Туркия президенти учун кутилмаган совға тайёрлашди, деб хабар беради Yeni Şafak.
«Тарбия» номли болалар уйи тарбияланувчилари тарбиячилари билан биргаликда Ражаб Тойиб Эрдўғонни туғилган куни билан ажойиб тарзда табриклашди (26 февраль куни Туркия раҳбари 64 га тўлди).
Болалар қўлларида Сенегал ва Туркия байроқларини ушлаган ҳолда француз ва турк тилида Эрдўғонга салом бердилар ҳамда уни табрикладилар.
Табрикка, шунингдек, таълим муассасасининг директори Ндоур Диуф ҳам қўшилди. «Биз муҳтожлар, етимлар ва умуман, Ислом олами учун қилаётган ишлари туфайли Туркия президентини қаттиқ яхши кўрамиз ва ундан миннатдормиз. Шу сабабли туйғуларимизни болалар билан шу тарзда изҳор этишга қарор қилдик», деди у.
Диуфнинг таъкидлашича, мусулмон мамлакатларга кўрсатаётган ёрдами учун Туркияга бутун Сенегал тасаннолар айтади. Шунингдек, меҳрибонлик уйи директори Туркия таълим тизимини мақтаб, Сенегалда ушбу тизимни қўллаш кераклигини айтди.
«Ота-оналар умумтаълим фанлари билан бирга ёшлигиданоқ Ислом асосларини ҳам ўрганиши учун фарзандларини бизга олиб келадилар. Айнан шунинг учун ҳам муассасамиз номи «Тарбия» деб номланган», деди Диуф.
Ушбу болалар уйида француз тили ва Қуръон дарслари ўқитилади. Билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланади. Таълим маскани 80 ўқувчига мўлжалланган. Унга асосан тўлиқ бўлмаган оила фарзандлари қабул қилинади.
Болалар уйида фақат аёллар хизмат қиладилар. Ҳозирда кадрлар етишмовчилиги муаммоси мавжуд, аммо шунга қарамай, тарбияланувчилар ҳафтасига камида 3 марта Қуръондан дарс оладилар.



