Ўзбеклар Россияни қандай забт этмоқда?

VM VM

Москвада ўзбеклар ё тожиклардан гап очиладиган бўлса, кимдир салбий («ҳамма ёқни шулар босиб кетди»), яна биров ижобий (гастарбайтерларнинг қилган ишларидан мамнун) фикр билдиради.

Лекин гап Марказий Осиё таомлари ҳақида борса, тамоман бошқача манзарани кузатасиз. Ўзбек палови ёки лағмони кимга ёқмайди дейсиз? Тандирдан янги узилган нонлар эса жуда машҳур. Миллий таомлар халқ маданий меросининг ажралмас қисми саналади, демак, айнан шу тарзда миллий қўшиқлар, рақслар, халқ хунармандчилиги маҳсулотларини ҳам кенгроқ тарғиб қилиш керак.
Миллий таомлар, менимча, энг кучли таъсир қуролларидан биридир, чунки эркакнинг (нафақат эркакнинг) юрагига йўл ошқоззон орқали ўтишини ҳамма билади. Марказий Осиё халқлари таомларида Исломнинг катта таъсири сезилади. Масалан, чўчқа гўшти ва ундан тайёрланган маҳсулотларга ўрин йўқ, таом таркибига алкогол ҳам қўшилмайди, спиртли ичимликлар дастурхонга тортилмайди. Кўчманчи халқларнинг севимли маҳсулоти бўлган қўй гўштидан тайёрланадиган таомлар эса кенг тарқалган. Шунингдек, думба ёғи ҳам кўп ишлатилади. Аксар таомлар очиқ олов устида тайёрланади, ортиқча бесаранжомликка ҳам ҳожат йўқ, шундоқ ўчоқни ҳовлига олиб чиқиб пиширавериш мумкин.
Ҳақиқий Марказий Осиёга хос дастурхон ёзаман десангиз, анъаналарга амал қилишингиз зарур – шундоқ ерга дастурхон тўшалади, устига таомлар қўйилади ва меҳмонлар чордона қуриб улардан баҳраманд бўлишади. Ва албатта, ҳақиқий паловни қўлда еган афзал, бу суннатдир.
Россияда Марказий Осиё ошхонасининг ашаддий мухлислари бор. Ушбу таомларнинг устаси ва кенг тарғиб қилаётган ошпаз Сталик Ханкишиевнинг эл аро машҳурлиги ҳам бежиз эмас. Шу тарзда Марказий Осиёда яшовчи мусулмон элатларнинг турмуш тарзи ва анъаналари россияликларнинг кундалик турмушига кириб бормоқда.
«Яхши отга бир қамчи» деганларидек, маълум халқнинг дастурхони билан боғлиқ анъаналар ҳақида умумий маълумотларга таяниб ҳам фаросатли инсон бу халқнинг қадимий маданияти ҳақида мулоҳаза қилиши, ҳаётий фалсафаси тўғрисида фикрлаши ва уларнинг илдизи динимизга бориб тақалишини фаҳмлаши мумкин. Ахир, ҳақиқий эътиқодли инсон бир бурда нонни ҳам Аллоҳнинг неъмати деб билади ва бунинг учун унга шукрона айтади. Шукрона тўғри тузалган дастурхон, яхши пиширилган таом, овқатланишдан аввал ва ундан кейин ўқиладиган дуо кабилар орқали изҳор қилинади.
Бугун Москвада Марказий Осиё таомларини тайёрлайдиган ўнлаб ресторанлар, кичик қаҳвахоналар бор. Тамаддихоналарнинг эса саноғига ета олмайсиз. Ўзбек нонларини иссиққина қилиб узиб берадиган новвойхоналар – алоҳида мавзу. Ажабланарлиси, Марказий Осиё таомлари биз учун хориж ошхонаси саналади, Россиянинг ўзида ҳам мусулмон халқлар бор, аммо уларнинг ошхонаси негадир пойтахтни забт эта олмаяпти, гарчи бу «халқ дипломатияси»нинг ўзига хос қуроли ва ўз ҳудудини реклама қилишнинг самарали усули бўлса ҳам.
Албатта, Москва – рақобат жуда кучли бозор ва у ерга ўз маҳсулоти билан кириш қийин, аммо одамлар чорраҳаларда шовурмалар сотишни ҳам эплашяпти, «ҳалол» ёрлиқли маҳсулотлар билан савдо қиладиган дўконлар сони эса кўпайгандан кўпайяпти.

 

Ильдар Мухаметжанов
Манба: islamnews.ru

back to top