Исроил қуддуслик фаластинликларнинг резидентлик мақомини бекор қилиш тўғрисида қонун қабул қилди
Ammar Awad/Reuters
Исроил парламенти - Кнессет мамлакат Ички ишлар вазирига Қуддус шаҳрида яшайдиган ҳар қандай фаластинликнинг резидентлик ҳуқуқини Исроил давлатига “содиқ эмаслик” важидан бекор қилиш салоҳиятини берувчи қонун қабул қилди.
Al-Jazeera нашрига кўра, Кнессетда чоршанба куни ратификация қилинган ҳужжат соҳта маълумотлар асосида олинган, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги назарида “жиноят содир этган, деб ҳисобланган шахслар”нинг ҳам резидентлик мақомини бекор қилишни назарда тутган.
Мазкур қонун сабабли, энди Исроил Ички ишлар вазири, ашаддий миллатчи Шас сиёсий партияси лидери Ариеҳ Дери Исроилга таҳдид деб ҳисоблаган ҳар қандай фаластинликнинг Қуддус резиденти ҳужжатларини бекор қилиш салоҳиятига эга бўлди.
Фаластин озодлик ташкилотининг юқори лавозимли аъзоси Ханан Ашрави хоним Исроил парламенти қабул қилган ҳужжатни “қонунчиликнинг ўта ирқчи бўлаги” дея баҳолади.
Нашрга кўра, янги қонун Исроил босиб олган Шарқий Қуддусда яшовчи 420 минг фаластинликнинг оғир вазиятини янада аянчли қилиши мумкин.
Исроил 1967 йилдан бери Қуддусда яшаган 14 минг фаластинликнинг резидентлик мақомини бекор қилган.
Исроилдаги фаластинликларнинг Адалаҳ номли инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил парламенти қабул қилган қонун халқаро инсон ҳуқуқлари қонунлари доирасида ноқонуний эканини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи АҚШнинг Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти яқинда эълон қилган ҳисоботга кўра, фаластинликларни Қуддусдан сиқиб чиқарадиган резидентлик мақомининг бекор қилиниши, Жиноят ишлари бўйича Халқаро Суд келишувига мувофиқ “уруш жиноятларига тенглаштирлиши мумкин”.



