Ироқ суди ИШИД раҳбарининг синглисини олий жазога ҳукм қилди

AP Photo/Militant video AP Photo/Militant video

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида суд Исломий Давлат гуруҳи раҳбари Абу Бакр Ал-Бағдодийнинг синглисини террорчиликда айбдор деб топиб, уни осиб ўлдириш орқали олий жазога ҳукм қилди.

8 март куни эълон қилинган баёнотга кўра, Ироқ Олий суди кенгаши матбуот котиби Абдул Саттор Байркдар, Ал-Бағдодийнинг синглиси “ИШИД жанггарилари жиноятлар содир этишида уларни дастаклаш ва ёрдам бериш учун амалий ёрдам таклиф этганликда айбдор” деб топилган.
Байркдар исми ошкор этилмаган аёл Мосул шаҳрида Исломий Давлат жанггариларига “пул тарқатганлик”да ҳам айбдор деб топилганини маълум қилди.
2014 йил ёзида ИШИД жанггарилари босиб олган Мосул шаҳри 2017 йил охирида озод қилинган эди.
Ироқ Олий суди кенгаши матбуот котибига кўра, аёлнинг эри Исломий Давлат раҳбарларидан бири бўлгани учун аввалроқ олий жазога ҳукм қилинган.
Жиҳодчилар Ироқ маркази ва шарқий қисмидан ҳайдаб чиқарилганидан кейин Ироқ ҳукумати декабр ойида Исломий Давлат устидан ғалаба қозонилганини эълон қилган. Жанггариларга алоқадорликда гумон қилиниб Ироқда юзлаб аёл, жумладан, хорижликлар ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда Ал-Бағдодий қаерда экани, унинг ўлган ёки тирик экани тўғрисида ишончли маълумотлар йўқ.

back to top